14:09 / 16.02.2022
26775

Россиялик ҳарбийлар машғулотларни якунлаб, Қримни тарк этди

Россия мудофаа вазирлиги Қримдаги ҳарбий машғулотлар якунланганини эълон қилди.

Фото: RUSSIAN MOD/TASS

Жанубий ҳарбий округ бўлинмалари Қрим яриморолидаги полигонда ўтказилган тактик ўқув машғулотларини якунлаб, ҳудудни тарк этган. Бу ҳақда мудофаа вазирлигидаги манбага асосланиб, «Интерфакс» хабар берди.

Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техника, жумладан пиёдаларнинг жанговар машиналари ва артиллерия қурилмалари темир йўл орқали доимий жойлашув пунктларига қайтарилмоқда. Ҳарбийлар маълумотига кўра, аскарлар Қрим кўприги орқали Керч бўғозидан ўтиб бўлишган.

Машғулотлар якунланишидан олдин «Ураган» ва «Град» баравар ўт очиш реактив тизимлари Керчдан 40 километр масофадаги Опук полигонида жанговар ўт очган. Вазирлик машғулотлар видеосини эълон қилган.

15 февраль куни мудофаа вазирлиги Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округлар машғулотлардан кейин ҳарбий гарнизонларга қайтишга ҳозирлик кўраётганини маълум қилганди. Вазирлик қайси ҳудудлардаги ҳарбийлар ортга қайтарилишига аниқлик киритмаганди. Қайд этилишича, бошқа ҳарбий округлар, флотлар ва ҳарбий-ҳаво кучлари бўлинмалари машғулотларни давом эттиради.

Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи 13 февраль куни кечқурун ҳолатига кўра Қора денгизда 11та катта десант кемаларидан иборат гуруҳ тургани ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, Қора денгиз ва Ўрта Ер денгизида учта крейсердан иборат зарбдор гуруҳ турганини маълум қилганди.

CIT суриштирув гуруҳи асосчиси Руслан Левиев 6 февраль куни «Дождь» телеканалига берган интервьюсида Қримдаги Опук полигонида «қодировчилар»ни — Россия гвардияси таркибига кирувчи ва доимий манзили Грознийда бўлган «Север» полкини пайқагани ҳақида айтганди. Ҳозирча бу бўлинма ҳам Грознийга қайтгани ҳақида маълумот йўқ.

  • Ғарб давлатлари маълумотларига кўра, Россия Украина чегараси яқинига 100 мингдан 150 минггача борувчи ҳарбийларини олиб келган. Россия буни ҳарбий машғулотлар билан изоҳлаган, Ғарб давлатлари эса Украинага босқин бўлиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Россия ҳукумати ҳеч кимга ҳужум қилмоқчи эмаслигини айтиб келади.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top