Жаҳон | 16:29 / 18.02.2022
13101
2 дақиқада ўқилади

Польша Россия билан чегарада девор қурмоқчи

Фото: Kacper Pempel/Reuters

Польша Россия билан чегарада девор қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Польша миллий мудофаа вазири ўринбосари Войцех Скуркевичнинг баёнотига асосланиб, PAP ахборот агентлиги хабар берди.

«Биз ҳали Польша—Россия чегарасида девор қурмаяпмиз, биз эндигина бу ҳақда эълон қилдик», — деди Скуркевич журналистларнинг саволларига жавоб бераркан. У девор қуриш режалари Польша Чегара қўриқлаш хизматини ривожлантириш концепциясига киритилганини қўшимча қилган.

Польша Россиянинг Калининград области билан чегарадош ҳисобланади. Чегаранинг қуруқликдаги қисми узунлиги 203,3 километрни ташкил этади.

Калининград области ҳукумати матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Лысков РИА Новости мухбирига берган интервьюсида Россия-Польша чегарасида Россия томонда аввалдан панжарали тўсиқ борлигини қайд этган. «Польша томонида эса йўқ, Польша уни энди қуришни режалаштирмоқда. Гап девор ҳақида эмас, айнан панжарали тўсиқ ҳақида кетмоқда», деган Лисков.

  • 2022 йил январида Польша Беларусь билан чегарада девор қура бошлаганди. Унинг узунлиги 186 километр, баландлиги — беш метрдан ортиқ. Умумий қиймати 644 миллион злотийга (162 миллион доллар) баҳоланган қурилиш ишлари июнь ойида тугалланиши кўзда тутилган.
  • Польша миграция инқирози туфайли Беларусь билан чегарада девор қуришга мажбур бўлган. Худди шу сабаб билан Литва ҳам тўсиқлар ўрнатишга қарор қилган.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид