Ҳайитали Орифжонов Пахтаобод туманининг Қумшайдон маҳалласида яшайди. 69-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг 6-синфида ўқийди.

Тўғриси, аввалига Ҳайиталининг мана шу ёшда енгил автомобил ва мотоцикл деталларидан юк машинаси яратгани аниқ ишонмадик. Лекин у билан суҳбат давомида фикримиз ўзгарди.

“Бу кичик юк машинасини дадам билан бирга ясадик. Ғоя меники. Дадам катта юк автомобиллари, автобуслар тузатади. “Мотор”, “ходовой” қиладиган уста. Болалагимдан темир-терсаклар ичида ўсдим. Мен мотоциклларга қизиқаман. Уйимизда “Мунис” юк ташийдиган мотоциклимиз бўлиб, у оғир юк кўтара олмай доим орқа кузов остидаги рамаси синиб қоларди. Дадамга “келинг дада, “Мунис”ни рамасини кучайтириб, “Тико” маторини ўрнатайлик. Юк ағдарадиган самосвал терайлик” дедим. Шу билан 6 ойда шуни ясадик.

Бу мени биринчи ишим эмас. Бундан олдин ногиронлар аравачаси ва “Матиз” ва мотоцикл деталларидан худди шунақа юк машинаси ясаганман. Бухорога 25 миллион сўмга сотиб юборганмиз.

 Кимдир “мана шу машинани 12 ёшли бола ясаганига ишонмайман?”, дейиши мумкин. Хоҳласа келиб ишларимни кўриши мумкин”, – деди Ҳайитали Орифжонов.

Ҳайитали бизга машинаси қандай деталлардан ташкил топгани билан таништирди:

“Орқа кузов рамаси “Камаз” машинасиники, “Гидробачок” ва машинани гидравлика қисми “Мунис”дан олинган. Мотор, яъни двигатель “Тико”ники. Руль “Матиз”ники, ўриндиқлар эски автобусга тегишли. Олди кузов ҳам “Тико” автомобилидан олинган”.