Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноий иш доирасида шаҳар ҳокими ва депутат Баҳром Ҳайдаровни терговга тортиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилди.

Маълум қилинишича, дастлабки тергов давомида шаҳар ҳокими ер ажратишга доир бир нечта қонун ва қонуности ҳужжатларини бузган ҳолда 2019-2020 йилларда давлат манфаатларига 1 миллиард 779 миллион сўм зарар келтирган. Тақдимномада ҳокимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб этиш ва эҳтиёт чорасини қўллаш лозимлиги айтилади.

Бош прокуратуранинг Kun.uz’га маълум қилишича, Андижон шаҳар прокуратурасининг ушбу хати асосида 3 февраль куни Андижон вилояти прокуратураси томонидан Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашига тақдимнома киритилган.

Вилоят кенгаши «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ, депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилиши керак.

Шунингдек, Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилиши айтилган.

Лекин орадан 18 кун ўтган бўлса-да, Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши прокурор тақдимномасини кўриб чиқишга шошилмаяпти.

Бугунга қадар Андижон шаҳри ҳокимининг ноқонуний ер ажратгани, фуқароларни ҳақорат қилгани ва бошқа масалаларда қонунга зид хатти-ҳаракатлари жамоатчилик томонидан кескин қораланиб келмоқда.

Хусусан, 2021 йил май ойида Баҳромжон Ҳайдаров нақд учта меъёрий ҳужжатга зид равишда, таъсис этилганига энди 1 ой бўлган фирмага шаҳар марказидан 14 сотих ер участкасини тўғридан-тўғри бериб юборган. Унинг ҳаракатлари ер аукцион орқали сотилмагани учун президент қарорига, сотилган ер майдонида қурилиш қилиш Шаҳарсозлик кодекси ва Андижон шаҳар бош режасига зид бўлган.

2021 йил март ойида Андижон шаҳар ҳокими қарори билан ажратилган катта ер майдони бўлиб-бўлиб сотилгани ҳақида блогерлар томонидан туркум мақолалар