Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда шамол электрстанцияси қурилишига тамал тоши қўйди
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 24 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида қуввати 100 МВт бўлган шамол электрстанцияси қурилишига тамал тоши қўйди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Шамол электрстанцияси 80 гектар ерда бунёд этилади. Бошланғич таҳлилларни амалга ошириш учун 1 678 гектар ер майдони захирага олинган. Мазкур электрстанция 2024 йилда иш бошлаши белгиланган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач йилига 350 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 120 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланади.
Станция ишга туширилиши натижасида йилига 106 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқиши олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 35 мингта хонадонни бир йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Станция қурилишида 400 нафар ишчи-ходим фаолият юритади ва станция ишга тушгач, 100 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 108 миллион долларни ташкил этди.
"Мана шундай кўп миллиард долларлик лойиҳалар мисолида Ўзбекистонга, бизга ишонч кўринади. Мен хорижий ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман, улар Ўзбекистонни ўз уйларидай билиб, бизнинг келажагимизга ишониб, шунча инвестиция киритяптилар", – деди президент тадбир чоғида.
Маълумот учун, “ACWA Power” компанияси ҳозирда Ўзбекистонда 4 та лойиҳа амалга оширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шамол электрстанциясини барпо этиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки техник кўмагида халқаро тендер эълон қилинган эди. Тендерда ўндан ортиқ нуфузли халқаро компаниялар иштирок этди. Якунда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси 1 киловатт соат электр энергияси учун 2,57 АҚШ центи тариф таклифи билан ғолиб деб топилган.
Унга кўра, ““ACWA Power” компанияси ҳудудда 100 МВт қувватли янги шамол электрстанциясини қуради.
Қурилиш жараёнида 1 000 та ва станция ишга туширилгандан сўнг доимий 50 та иш ўрни яратилади.
Мавзуга оид
12:08
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига қайта тасдиқланди
12:06
Ўзбекистон Қуролли кучлари салоҳиятини оширишга эътибор кучайтирилади
11:59
Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Тожикистон билан чегарасидан ID-карта орқали ўтиш мумкин бўлади
11:58