Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов 25 феврал куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида кечган телефон мулоқоти борасида иккита томоннинг расмий релизи бир-биридан фарқ қилиши бўйича изоҳ берди.

“Кечадан буён мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ва блогерларидан Ўзбекистон ва Россия Президентларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқоти якунларига изоҳ беришимни сўраб, мурожаатлар келиб тушмоқда.

Шу муносабат билан ҳамкасбларимизга қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.

Икки томонлама муносабатларнинг кенг кўламли кун тартибида турган долзарб масалалардан ташқари, Ўзбекистон ва Россия етакчилари Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Россия Президенти давлатимиз раҳбарига махсус ҳарбий операцияни ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарорнинг сабаблари ва шарт-шароитлари ҳақида маълумот берди. 

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, томонлар вазиятни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул йўлларини тез фурсатда топишлари ва унинг янада кескин тус олишига йўл қўйилмаслигига умид билдирди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда.

Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим”, – дея ёзди Шерзод Асадов Telegram-каналида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 феврал, Россиянинг Украинага босқинининг иккинчи кунида Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда бўлди. РФ раҳбари шу куни Хитой раиси Си Жинпинг билан ҳам қўнғироқлашган.

Мазкур мулоқотлар юзасидан Кремл тарқатган расмий релизлар Ўзбекистон ва Хитой томони берган баёнотлардан фарқ қилади. Хусусан, Россия президентининг матбуот хизмати хабарларида Ўзбекистон ва Хитой етакчилари гўёки Украинага босқинни “тушуниши”, Россиянинг бу ҳаракатларига “ҳурмат билан қараши”ни таъкидлагани айтилади. Ваҳоланки, Тошкент ва Пекиннинг расмий баёнотларида бундай гап йўқ.

Расмий Тошкентнинг хабарида, Ўзбекистон ва Россия президентлари ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, хусусан турли соҳаларда аввалроқ эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилгани билдирилган.