27 февраль куни Коллектив Ғарб Россияга қарши навбатдаги санкциялар пакетини эълон қилди. Унда Россия Марказий банкининг Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канададаги активларини музлатиш ва мамлакатни SWIFT тизимидан узиш каби кескин иқтисодий санкциялар кўзда тутилган. Энди Россия Марказий банки рубль барқарорлигини сақлаб қолиш учун халқаро захираларидан фойдалана олмайди. Медуза портали иқтисодчи Сергей Гуриев билан санкциялар Россия иқтисодиётига қандай таъсир қилиши ҳақида интервью ташкил қилди.

— Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канада Россия Марказий банки захираларини музлатиш ҳақида эълон қилди. Афтидан, бу SWIFT тизимидан узилишдан кўра ҳам қўрқинчлироқ. Бу Россия учун қанчалик оғир бўлади?

— Бу мутлақо кутилмаган янгилик бўлди, бундай қарор қабул қилиниши мумкинлигини ҳеч ким кутмаган эди. Захиралар мавжудлиги макроиқтисодий барқарорликнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Эртага валюта бозорида нима бўлишини олдиндан айтиш жуда қийин, чунки захиралар музлатилиши олдин ҳеч қачон содир бўлмаган.

Рубль курси қандай шаклланишини айтиш жуда қийин бўлган даврга кирмоқдамиз. Эҳтимол, эртага кимошди савдоси бўлмайди. Эҳтимол, ваҳима кўтарилади. Мутлақ ишонч билан айтиш мумкинки, рубль учун катта зарба берилди.

— Ҳозирги вазиятга Россия Марказий банки захираларининг қайси давлатда сақланаётгани ҳам таъсир кўрсатадими?

— Ҳа, албатта. Баъзилар Марказий банкда олтин ва юанда ҳам захиралар бор, уларни сотиш мумкин, деб айтишмоқда. Америка санкциялари жуда кучли механизм. Хитой банклари Россия Марказий банкига ёрдам беришни хоҳламайди, чунки АҚШ бунинг учун уларга қарши ҳам санкциялар қўллаши мумкин. Бу каби ҳолат олдин содир бўлган. Хусусан, АҚШ санкция қоидаларини бузгани учун Франциянинг BNP Paribas банкини кўп миллиард доллар жарима тўлашга мажбур қилган.

Хитой банклари риск ва катта йўқотишлар эвазига Россияга ёрдам беришга тайёр бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман.

Вазият мутлақо ноаниқ. Марказий банк захираларидаги олтинни АҚШ санкцияларига тушиб қолиш хавфи остида ким сотиб олишни хоҳлайди? Америка Хитой банкларига Россия олтинини сотиб олиш ва Марказий банкдаги юанни долларга алмаштиришни тақиқлаши ҳам мумкин. Россия Марказий банки эса доллар ва еврога жуда муҳтож, чунки мамлакат импортининг катта қисми ҳали ҳам Европа мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Бизга дори-дармон, технологиялар, озиқ-овқат сотиб олиш учун юань эмас, доллар керак.