Фарғонанинг қадим масканларидан бири бўлган Риштон тумани марказида аҳоли 7 асрдан буён асраб, ардоқлаб келаётган тут дарахтлари бор.
Айни пайтда бозор ҳудуди ичида қолган, 1340 йили экилган мазкур “бобокалон тутлар”ни аҳоли бундан уч йил олдин ҳокимият томонидан кесиб кетилишининг олдини олган эди. Ўшанда Kun.uz мухбирлари мазкур тутлар тақдири ҳақида мақола тайёрлаганди.
Етти юз йилдан бери яшаб келаётган тут дарахтларни асраб қолиш учун уларнинг танасига: “Қўқон кандаги”. 1340 йилда экилган. Дарахт тарихий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасида”, деган лавҳалар илинган.

Афсуски, бугун Риштон туманидан бир неча фуқаро айнан мана шу тутлар яна хавф остида қолганини билдириб мурожаат қилди.
Риштон Марказий деҳқон бозори ҳудудидаги тарихий обидага айланган тут дарахтлари ёнида икки қаватли савдо дўкони қурилиши бошланибди. Иш бошлаган қурувчилар пойдеворни кавлаши оқибатида тут дарахтларининг бир томондаги томирлари кесилган. Аҳоли вакиллари берган маълумотга кўра, туман экологлари келиб қурилиш эгасидан қурилиш учун қарор ва бошқа ҳужжатларини сўрашганида улар ҳужжатларни тақдим қила олишмаган.
Биз Риштон туман экология бўлими инспектори Сарварбек Муқимов билан боғландик.
“Ҳақиқатда биз бугун Риштон деҳқон бозорида бўлдик. Тадбиркор бозор ичидаги тут дарахтларига зарар етадиган даражада яқин жойда қурилиш ишларини бошлабди. Тут дарахтларининг томирлари шикастланган.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 43-сонли қарорига асосан, дарахт юз ёшдан ошгач, ёдгорлик сифатида муҳофазага олинади. Мазкур дарахтлар ҳам давлат муҳофазасида. Қурилиш қилаётган тадбиркор менга қурилишнинг лойиҳаларини кўрсатди. Мен ундан туман ҳокимининг қарори ва экология хулосасини сўрадим. Тадбиркор мен талаб қилган ҳужжатларни тақдим қилмади”, – дейди Сарварбек Муқимов.














