Бугунги қаҳрамонларимиз товон пулини тўлаб бериши мумкин бўлган масъул, деб фақат Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаевни танийди ва ҳар ҳафта унинг қабулида вақт ўтказишади.



Шавкат Сапаев раҳбарлик қилувчи “Komfort Universal Baraka Savdo” хусусий корхонасига тегишли бино 2018 йилда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан бузилган. Дастлаб мулк учун 132 миллион сўм компенсация тўлаб берилиши кўзда тутилган бўлса-да, шаҳар ҳокимлиги бу масалани ҳал қилмаган. Ёза-ёзлар, югур-югурлар сабаб, иш судгача борган.
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2021 йилнинг 7 октябрдаги қарорига кўра, Сапаев фойдасига нафақат 132 млн сўм, балки яна 58 млн сўм банк ставкасида фоиз ундириш ҳам назарда тутилган. Айтиш мумкинки, тадбиркорнинг товон пулини ўз вақтида тўламаслик ҳокимликка, пировардида бюджетга, яна ҳам аниқроғи, солиқ тўловчиларга янада қимматга тушган.
Сапаевнинг айтишича, бугун унинг ишлари бутунлай орқага кетган. Ишчилари ишсиз. Бузилган мулкнинг зарари тўлаб берилмаган, янги иш бошлашга эса сармоя йўқ.


Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 17 сентябрдаги қарорига кўра, “Учқун” хусусий корхонаси эгаларига 199 млн сўм компенсация тўлаб берилиши керак. Ушбу мулк 2016 йилда давлат эҳтиёжи учун бузилган бўлиб, ҳозирга қадар зарари қоплаб берилмаган.

Айтиш мумкинки, аксарият тадбиркорлар янгидан фаолият бошлаши учун товон пули тўлаб берилишига қараб туришибди. Ушбу мажбурият ҳокимлик томонидан тобора кейинга сурилиши эса икки томоннинг ҳам зарарига ишлаяпти. Тадбиркорлар аламзада, сарсон ва даромаддан қоляпти. Тадбиркорларнинг хароб бўлиб бораётгани ҳокимликнинг парвойига ҳам келаётгани йўқ.























