Бугун дунёдаги аксарият бойлар қатори россиялик миллиардерлар ҳам жуда ҳашаматли ҳаёт кечиришади. Хусусий самолётлар, миллионлаб долларга баҳоланадиган кўчмас мулклар, қимматбаҳо яхталар уларнинг ташриф қоғозига айланиб улгурган. Шу жумладан, россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг ҳам. Бу шахс дунёдаги энг йирик ва қимматбаҳо яхталардан бири бўлган Dilbar’га эгалик қилади.

Алишер Усмоновга тегишли Dilbar яхтаси / Фото: www.alamy.com

Dilbar Алишер Усмоновнинг биринчи қимматбаҳо яхтаси эмас. У Dilbar’дан аввал бошқа яна бир қимматбаҳо яхтага эгалик қилган. Унинг номи ҳам Dilbar бўлган. 2016 йилда ҳозирги яхтаси қурилгач, уни Dilbar деб номлайди ва аввалги яхтасининг номини Ona деб ўзгартиради. Кейинчалик Ona сотувга қўйилади. Уни исми-шарифини ошкор қилишни хоҳламаган, Яқин Шарқда яшовчи харидор сотиб олади ва номини Al Raya деб ўзгартиради.

Al Raya, Алишер Усмоновнинг аввалги яхтаси / Фото: ruyachts.com

Украина ҳудудига бостириб киришини агрессия деб баҳолаган Европа Иттифоқи Россияга қарши кескин иқтисодий ва сиёсий санкциялар жорий эта бошлади. Кейин эса навбат Россия миллиардерларга етиб келди ва уларга қарши санкциялар эълон қилинди. Рўйхатдагилар орасида Алишер Усмонов ҳам бор.

2022 йил 2 март куни ОАВда Германия ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Алишер Усмоновнинг Dilbar номли яхтасини хатловга олгани ҳақида хабар тарқалди. Бу пайтда нархи 800 миллион доллар баҳоланадиган яхта Ҳамбург портида жойлашган Blohm+Voss кемасозлик корхонасида қайта жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун турганди.

Шунингдек, яна бир россиялик олигарх, «Роснефт» раҳбари Игор Сечинга тегишли дейиладиган Amore Vero яхтаси Франциядаги портда турганда хатловга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Орадан бироз ўтиб Ҳамбург шаҳар маъмурияти бу хабарни рад этди. Гарчи Dilbar’нинг хатловга олингани рад этилган бўлсада Россиянинг Украинага босқини туфайли бу хавф сақланиб қолаверади ва яхта исталган пайтда хатловга олиниши мумкин.