Давлат ва жамият бошқаруви, хусусан, ҳокимликда аёл раҳбарларни кўпда кўравермаймиз. Бу борада Ўзбекистонда фақат 2020 йилдан ҳокимликка аёлларни тайинлаш амалиёти жорий қилина бошланди. Айни вақтда эса Ўзбекистоннинг 200га яқин туман ва шаҳарларнинг 4тасига аёллар раҳбарлик қилмоқда.
Биз ана шундай кам сонли аёл ҳокимлардан бири, 2021 йил августидан буён Андижон вилояти Бўстон туманига раҳбарлик қилиб келаётган Санобар Носирова билан суҳбатлашдик.
— Ҳоким бўлиб тайинланганингизга, мана, 6 ой бўлди. Ҳоким бўлиб ишлаш феъл-атворингизга таъсир ўтказдими, бу оилада билиняптими?
— Туман ҳокимлигига тайинланишимдан олдин ҳам узоқ йиллар давлат ташкилотларида, қолаверса хусусий секторда ўзимнинг корхоналаримда раҳбарлик лавозимида фаолият юритганман. Шунинг учун бу вазифа мени характеримда катта ўзгариш рўй беришига сабаб бўлмади, фақат менда энди жиддийлик ва фуқароларни тинглаш хусусиятлари пайдо бўлди.
Оилага таъсир кўрсатишига келадиган бўлсак, менинг иккита қиз фарзандим бор, уларни турмушга берганман, ўғлим чет элда ўқишда. Қайнонам билан тураман, у киши ҳам узоқ йиллар раҳбар бўлиб ишлагани учун мени жуда яхши тушунади, устозлик қилади. Ишдан кайфиятим ёмон бўлиб қайтганимда менга далда бўлади. Қолаверса, ҳоким сифатида фуқароларни тинглашни ўргандим.

— Ҳокимликкача бўлган ҳаёт йўлингиз ҳақида гапириб беринг.
— Мен Қўрғонтепа туманининг Деҳқонобод қишлоғида ҳунарманд оиласида туғилганман. Ёшлигимдан мактабда фаол ва лидер эдим. Мактабни “Олтин медал”га битирганим учун олий ўқув юртига имтиҳонсиз, битта суҳбат билан қабул қилинганман. Андижон пахтачилик институтида комсомол етакчиси эдим; у пайтларда ҳам аъло ўқиганлар учун худди ҳозирги Президент стипендияси сингари Ленин стипендияси берилар эди, ўша имтиёз соҳибаси бўлганман. Ўша пайтларда Пахтачилик институтига кирган қиз-йигит албатта жамоа хўжалигига (колхоз) раис, туманга ҳоким бўлишни орзу қилар эди. Бизни қариндош-уруғлар ичида давлат ташкилотларида ишлаган кўп эди. Холам жамоа хўжалиги раиси, аммам туман ХТБ раҳбари эди. Менда ҳам раҳбар бўлишга интилиш шундан бўлса керак. Онам олий таълимда укаларини ўқитаман деб ўзи ўқий олмаган, оддий муслима аёл эди. Менинг муваффақиятларимдан қувонар эди.

















