Оқ уй президент Байден ҳамда Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари етакчилари ўртасида телефон орқали мулоқотни ташкиллаштира олмади, деб хабар берди The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб.
Хабарда айтилишича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ва БАА шайхи Муҳаммад ибн Зайд ал Ноҳайён АҚШнинг Байден билан телефон орқали мулоқот қилиш тўғрисидаги сўровини рад этган.
«Телефон қўнғироғи кутилди, аммо бу амалга ошмади», - деган нашр манбаси.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони вакиллари Байден маъмурияти даврида Вашингтон билан муносабатлар ёмонлашганини шу орқали билдирган. Қироллик Ямандаги фуқаролар урушига аралашиш учун кўпроқ қўллаб-қувватловга эришишни, шаҳзода учун АҚШда юридик иммунитет тақдим этилишини истамоқда, деган Саудия Арабистони расмийлари.
Амирликлар АҚШ Ямандаги ҳусийларнинг Саудия Арабистонига берган ракета зарбаларига жавоб қайтармаганидан хавотирда, деган БАА расмий шахслари.
Оқ уй нефт нархи кескин кўтарилган ҳозирги вақтда бу мамлакатлар билан муносабатларни тиклашдан манфаатдор. Саудия Арабистони ва БАА нефт бозорини тартибга солиши мумкин бўлган энг йирик ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади. Аммо ҳар икки мамлакат нефт қазиб олишни кўпайтиришни рад этган.
Байден билан суҳбатлашишни рад этган шаҳзода ва шайх Россия президенти Владимир Путин билан қўнғироқлашган. Кейинроқ улар Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам суҳбатлашишган.

















