Ўзбекистон | 11:18 / 11.03.2022
7292
2 дақиқада ўқилади

2021 йил коррупцион жиноятлар оқибатида Ўзбекистонга 110 миллион доллардан ортиқ зарар етказилди

2021 йилда Ўзбекистонда содир этилган коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 282 миллиард сўм (қарийб 118 миллион доллар) зарар етказилган. Зарарнинг 887 миллиард сўми ёки 69,1 фоизи ундирилган. Бу ҳақда 10 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2021 йилдаги фаолиятига доир Жамоатчилик кенгаши олдидаги ҳисоботида маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

«2021 йилда республика бўйича жами 5483 нафар шахсга нисбатан 3769 та коррупцияга оид жиноят ишлари кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судларга юборилган. 2020 йил билан таққослаганда судга юборилган жиноят ишлари сони 2621 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 3 760 тага ёки 218 фоизга кўпайган.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2020 йилда 500 млрд 102 млн сўмлик моддий зарар етказилиб, 355 млрд сўм ёки 71,0 фоизи ундирилган бўлса, 2021 йилдаги моддий зарар миқдори 1 трлн 282 млрдни ташкил этиб, 887 млрд сўми ёки 69,1 фоизи ундирилган», — дейилади агентликнинг йиллик ҳисоботида.

Шунингдек, 2021 йилда Аксилкоррупция агентлиги томонидан қурилиш соҳасидаги жами 461,3 млрд сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектида ўрганиш ўтказилди. Аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниши орқали жами 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиши таъминланди.

Мавзуга оид