Ўзбекистон | 17:35 / 16.03.2022
2316
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда фуқароларни алдов йўли билан Мексика орқали АҚШга юбормоқчи бўлган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди

ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари фуқароларни алдов йўли билан Мексика орқали АҚШга юбориш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйган. Шунингдек, яна бир ҳолатда фуқарони Туркияга сотиб юбормоқчи бўлган шахс қўлга олинган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган Р.О. ва 1979 йилда туғилган С.Р. фуқаролардан бирини 32 минг доллар эвазига Мексиканинг айланма йўллари орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, келишилган маблағдан 7 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тойлоқ туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро Ф.Н. Самарқанд халқаро аэропорти орқали маҳаллий фуқарони Туркия давлатига ноқонуний меҳнат мигранти сифатида сотиб юбораётгани аниқланиб, қўлга олинган.

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, қўлга олинган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Жиззах ва Самарқанд шаҳарларида катта пул эвазига фуқароларни Мексика орқали АҚШга ноқонуний йўл билан жўнатмоқчи бўлган шахслар қўлга олинганди.

Мавзуга оид