Техник-профилактик тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 19 мартдан – 2 апрель кунигача ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштириш хизмати вақтинча кўрсатилмайди. Бу ҳақда хабар берган Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, гувоҳномани алмаштиришнинг охирги муддатларини мутаносиб тарзда – 2023 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Қайд этилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир гувоҳнома алмаштириш пунктига кунига 55-60 нафардан фуқаро мурожаат қилганда – тўлиқ қамров учун ўртача 4 йил вақт сарф қилиниши режалаштирилган. Ҳозирда эса, бир кунда 500-600 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда.
Республика бўйича эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳайдовчилар сони – қарийб 5,7 млн. нафарни ташкил этади. Шунга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини мажбурий алмаштириш муддатлари Ҳукумат томонидан 2 маротаба (дастлаб, 2020 йилдан – 2021 йилнинг охирига қадар, кейинчалик 2021 йилдан – 2022 йилнинг сўнгига қадар) узайтирилган.
Ҳайдовчиларга қулай шароит яратиш мақсадида 2018 йилнинг май ойидан экспериментал тартибда Давлат хизматлари марказларида ҳам “права” алмаштириш хизмати йўлга қўйилди.
Бунда хизмат учун нафақат келган ҳолда, балки онлайн шаклда ҳам мурожаат қилиш имкони яратилди. Бугунги кунда жами 74 та пунктда хизмат кўрсатиш имконияти яратилиб, тегишли моддий-техникавий база билан таъминланган (қурилмаларнинг 49 таси – ЙҲХББ бўлинмалари, 25 таси Давлат хизматлари марказларига ўрнатилган).
Амалга оширилган ишлар натижасида, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси амалиётга киритилган пайтдан бошлаб, бугунги кунга қадар 2,6 млн.дан ортиқ ҳайдовчиларнинг гувоҳномалари янгисига алмаштирилди.
Давлат хизматлари агентлиги пойтахтда ва вилоятлардаги ҳайдовчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида "сўнгги мижозгача" иш режимини йўлга қўйди. Маълумот учун ДХМларда ўртача бир фуқарога хизмат кўрсатиш учун 4-5 дақиқа вақт сарфланмоқда. Бироқ, ўтказилган таҳлиллар 3,1 млн.дан ортиқ фуқароларимиз томонидан ҳужжатларни алмаштирилмай келинганлигини кўрсатди.
Муаммони бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Биринчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришнинг охирги муддатларини мутаносиб тарзда – 2023 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Иккинчидан, ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмаган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ташриф буюрувчиларнинг тахминий сони ва асосли талабини инобатга олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш пунктларини камида икки баробарга кўпайтириш режалаштирмоқда.







