Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сенат янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини маъқуллади
Сенатнинг 24-ялпи мажлисида Меҳнат кодексининг янги таҳрири сенаторлар томонидан кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Кодекс муҳокамаси жараёнида 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчи масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шакллари фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, иш берувчиларга, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмаслиги таъкидланди.
Кодекс меҳнат ҳуқуқи айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш масалаларидаги янги нормаларни ўз ичига олган.
Маълум қилинишича, кодексда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ёки ногирон болалари бўлган ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга, битирувчиларга, ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, жазодан озод қилинганларга, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар белгиланган.
Кодексга якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, меҳнат муносабатларидаги камситиш омиллари, хизмат текшируви ҳамда жамоавий меҳнат низолари бўйича нормалар ҳам киритилган.
Бундан ташқари, кодексда меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнат тушунчалари Халқаро меҳнат ташкилоти меъёрлари ва тавсияларига мос тарзда баён этилган.
"Қатор соҳаларга (инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит муҳофазаси, самарали бошқарув ва б.), шу жумладан меҳнат ҳуқуқларига оид 27 та халқаро конвенциялар ижросини таъминлашимиз лозим. Шу жиҳатдан қараганда Меҳнат кодексидаги янгиликлар ниҳоятда муҳим. Умуман олганда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мазмун-моҳиятига кўра ижтимоий йўналтирилган, кўп жиҳатдан ходимлар (меҳнаткашлар) манфаатлари устуворлигига, оддий қилиб айтганда инсон қадрига асосланган", дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Муҳокама якунида Меҳнат кодекси янги таҳрири сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026
Ўзбекистон парламенти делегацияси МДҲ ПА сессиясида қатор ташаббусларни илгари сурди
11:19 / 19.05.2026
Шартли озод қилинган шахслар устидан назорат кучаяди
21:46 / 18.05.2026