Ўзбекистон | 11:34 / 18.03.2022
8172
2 дақиқада ўқилади

Пенсияга чиқарилган шифокорлар ўзини жамиятга кераксиз ҳис қилиб, касал бўлиб қолишмоқда – Шавкат Мирзиёев

Президент бирламчи тизим қамровини кенгайтириш ва юкламани камайтириш мақсадида, пенсияга чиқарилган шифокорларнинг якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берилишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Эътиборингизни бир жиҳатга қаратмоқчиман. Ҳар йили 2 мингдан зиёд малакали шифокорлар пенсияга чиқади. Келиб тушган мурожаатларда уларнинг 60 фоизи ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган. Уларнинг тажрибаси жуда катта, лекин биз уларни пенсияга чиқариб юборишга ўрганиб қолганмиз. Пенсияга чиқарилган шифокорлар жамиятга кераксиз ҳис қилиб, ўзлари ҳам касал бўлиб қолишмоқда. 

Бирламчи тизим қамровини кенгайтириш ва юкламани камайтириш мақсадида, биз эндиликда бундай тажрибали шифокорларнинг якка тартибдаги оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берамиз.

Бунинг учун:

  • алоҳида клиника очиш талаб этилмайди, балки бу тоифадаги шифокорлар ўз уйида ёки ижарага олинган бинода тиббий хизматлар кўрсатиши мумкин бўлади. Марҳамат, бемалол ишлайверишсин;
  • якка тартибдаги оилавий шифокорларга, аҳолиѓа бепул кўрсатилаётган хизматлари учун тўлов босқичма-босқич Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали берилади. 

Ушбу тажрибани дастлаб Сирдарё вилоятида бошлаймиз. Кейинчалик зарур тайёргарликни кўриб, босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий этилади”, – деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид