Байден Европага келмоқда
Байденнинг сафаридан асосий мақсад Ғарбнинг Украинадаги вазиятга кейинги муносабатини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
АҚШ президенти Жо Байден Европага турнесини бошламоқда. Брюсселда америкаликлар етакчиси ва унинг европалик ҳамкасблари Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли қўлланган санкцияларни кучайтириш ва янги санкцияларни жорий этиш ҳақида эълон қилиши кутилмоқда. Байден «Катта еттилик» ҳамда НАТО ва ЕИ саммитларида ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
Оқ уй президентнинг сафар давомидаги асосий вазифаларидан бири европалик иттифоқчилар, НАТО ва G7 давлатларининг Украина масаласида бирдамлигини мустаҳкамлаш ҳисобланишини маълум қилган.
«Президент учун бирлик биринчи планда туради. Бу европалик ҳамкорларимиз билан бирдамлик, НАТО сафларидаги бирдамлик, G7 давлатлари бирлиги. Президент шундан келиб чиқиб, узлуксиз координация ва президент Путин томонидан давом эттирилаётган эскалация ҳаракатларига якдил жавоб қайтаришга интилади», деганди бир неча кун олдин президент матбуот котиби Жен Псаки.
Украина президенти Владимир Зеленский НАТО саммитида видеоалоқа орқали иштирок этади. Тунги видеомурожаатида у Россияни тинчликка кўндириш борасида ишлар турли даражада давом этаётганини маълум қилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, у ўт очиш тўхтатилиши, Россия қўшинлари олиб кетилиши ва Украина учун хавфсизлик кафолати эвазига ўз мамлакатининг НАТОга аъзо бўлишга интилмаслик мажбуриятини муҳокама қилишга тайёрлигини айтди.
Янги санкциялар
Америка президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ ва ҳамкорлар пайшанба куни Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилишини айтди.
«Гап санкцияларнинг янги пакети ҳақида кетмоқда», деди у брифингда Байденнинг Европадаги иттифоқчилар билан бўлажак алоқалари ҳақида.
Салливан Вашингтон Европа Иттифоқи билан биргаликда Москва уларни четлаб ўтишига қарши чоралар кўриш мақсадида аввал киритилган санкцияларни ҳам кучайтиришини маълум қилган.
У АҚШ санкциялар билан кучли босим ўтказаётган бўлса-да, Россия раҳбариятини ўзгартиришга ҳаракат қилмаётганини таъкидлади.
«Бизнинг нуқтайи назаримизга кўра, Россия сиёсий тизими билан нима бўлиши Россиянинг ўзида ҳал этилади», дейди у.
«Биз қила оладиган иш, учта асосий йўналишда саъй-ҳаракатларни амалга ошириш. Ва биз буни қиламиз - украинларга ўзини ҳимоя қилишга ёрдам кўрсатамиз, НАТОни мустаҳкамлаймиз ва харажатлар ва оқибатларни Москванинг зиммасига қўямиз», деган Америка раҳбари маслаҳатчиси.
«У Европанинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва Россия газига қарамлигини камайтириш бўйича қўшма ҳаракатларни эълон қилади», дея қўшимча қилди Салливан.
Шу билан бирга, у НАТО альянс аъзоси бўлган мамлакатлардан бирортасига қилинган киберҳужумга коллектив жавоб қайтариши мумкинлигини истисно қилмаган.
Польшага сафар
Байден чоршанба куни кечқурун Брюсселда бўлади. НАТОнинг навбатдан ташқари саммити пайшанба куни ўтказилади.
Жума куни АҚШ президенти Варшавага йўл олади, бу ерда 26 март куни Дуда билан музокаралар ўтказади, диққат марказида Украинага ҳарбий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари бўлиши кутилмоқда.
Байден Польшада АҚШ ҳарбий хизматчилари, шунингдек, гуманитар экспертлар билан ҳам учрашади.
Аввалроқ Польша президенти Анджей Дуда Россиянинг Украина билан муносабатларда «бемисл» тажовузи туфайли Шимолий Атлантика альянсининг янги стратегик концепциясини ишлаб чиқиш зарурлигини айтганди.
«Бу мисли кўрилмаган қотилликлар, бу эркин дунё ҳеч қачон тоқат қилмайдиган ҳолат. Умид қиламанки, НАТОнинг Брюсселда ўтказилажак кейинги саммити Украинанинг эркинлиги, мустақиллиги ва суверенитетини сўзсиз ҳимоя қилади», деганди у.
Шунингдек, у НАТО саммитида тинчликпарвар миссия режасини тақдим қилмоқчилиги, бундай миссия «бир ҳафта ёки ой» ичида тайёр бўлиши мумкинлиги айтилган. Бу ҳақдаги хабарлар ортидан Дания тинчликпарвар миссияга қўшилишга тайёрлигини билдирди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бунга муносабат билдирди ва НАТО тинчликпарвар кучлари Украинага жўнатилиши альянснинг Россия билан тўғридан тўғри тўқнашувига айланишини айтди.
«Польшалик ҳамкасбларимиз НАТО тинчликпарвар кучларини жўнатиш кераклиги ҳақида айтишди. Улар, умид қиламанки, гап нима ҳақида кетишаётганини англашади. Бу россиялик ҳарбийлар ва НАТО қуролли кучлари ўртасидаги тўғридан тўғри тўқнашув бўлади, бу эса нафақат барча қочишни истаган, балки ҳеч қачон содир бўлмаслиги кераклигини айтган нарсадир», деган Лавров.
Унинг сўзларига кўра, Украинага тинчликпарвар кучлар кирса, бу катта эҳтимол билан ғарбий чегара орқали амалга оширилиши режалаштирилган, Польша эса «Львовда штаб-квартира очиш ва ҳамиша шу ерда қолиш»ни кўзлаган бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
01:18
Россиялик ўқитувчилар «НАТОдан ҳимояланиш учун» фолгадан қалпоқлар ясади
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
20:42 / 09.11.2024