Россияда 3 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар бор. Уларга шунча оила кўз тикиб турибди. Сўнгги ойда бу давлатда кузатилаётган сиёсий-иқтисодий бўҳронлар шундоқ ҳам қисиниб-қимтиниб юрадиган ватандошларимизни янада мураккаб вазиятга тушираётгани бор гап.

Kun.uz билан суҳбатда бўлганлар турли соҳа вакиллари. Совуқ ва бепоён ўлканинг шафқатсиз муҳити уларни эҳтиёткорликка ўргатиб қўйган. Ўзаро суҳбатларда анча нолиб гапирсалар-да, омма учун фикр билдиришга келганда ё жимиб қоладилар ёки шахсларини сир тутишни маъқул кўрадилар.

– Мана, урушнинг дастлабки ойи якунига етмоқда. Умумий кайфият ва ҳаётингиздаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб беринг.

Зоҳид, Самарқанддан, тикув цехи ишчиси:

– Бу бир ой ҳаётимда катта ўзгаришларга сабаб бўлди, дея олмайман-у, аммо тинчимиз йўқолди. Эртага нима бўларкин деган хавотир билан яшашга мажбур бўлиб қолдик. Аввало уруш бўлмасин экан, мана шу нарсани чуқурроқ англаб етдим. Шу пайтгача анча хотиржам юрганимизни тушундим.

Сайёра Собиржонова, клининг компанияси ходими:

– Кайфият ёмон! Ҳаётимдаги ўзгариш – деярли ишсиз қолдим. Буюртмаларим кескин камайиб кетди. Куним ўтиши учун бир-икки сўм топиб юрибман. Аммо бу қачонгача?

Алишер ака, 47 ёш, Деновдан, кўча супурувчи:

– Кайфият ўртача, яхши деб бўлмайди. Ҳаётимдаги ўзгаришлар ҳақида гапирсам – тинч, бехавотир яшашнинг қадрига энди кўпроқ етяпмиз. Тўғри, биз ишлаётган жойда тинчлик, аммо бу воқеаларнинг таъсири, ваҳимаси бор. Ҳар куни Аллоҳдан бутун дунёда тинчлик бўлишини сўрайман. Ҳаловат йўқолган, шу энг катта ўзгариш.

Салоҳиддин, Самарқанддан, қурувчи-уста:

– Яқинда олдин олган ишимизни тугатдик. Вазият дарҳол ўз таъсирини ўтказди шекилли, ҳозирча янги иш чиқмаяпти. Ишимиз доимий эмас-да...

– Уруш бошлангандан кейинги дастлабки маошингизни олгандирсиз. Айтингчи, ўтган ой уйингизга қанча жўнатгандингиз-у, бу ойда қанча? Ишингизда қандай ўзгариш бўлди, қисқариш хавфи йўқми?

Зоҳид:

– Ўтган ойда уйга 500 доллар юборган эдим. Бу ой юборганим йўқ, ойлигимни олдим ва ўзимда сақлаб турибман. Кўпчилик қатори доллар курси пастлашини кутяпман. Ҳарқалай шунга умид қиляпмиз, йўқса, уйга 300 ҳам бормай қолади. Қисқартириш, ишдан бўшатиш ҳақида гап бўлмади. Лекин маош камайса, буларда ҳам иқтисод ортга кетса, эртами-кечми бўладиган нарса бу. Ишимизда ўзгариш йўқ, ўша-ўша маош, фақат долларга айлантирилганда баракаси учди.