DW хабарига кўра, Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Михаил Семикин 10 октябр куни беш киши ҳалок бўлгани ва яна 10 киши жароҳатланганини маълум қилган.

«Зарбалар берилган жойларда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Вайроналар остида ҳали одамлар бўлиши мумкин», — деб ёзган у Telegram’да.

Вилоят мудофаа кенгаши ҳамраиси Иван Федоров эса жабрланганлар сонини 11 киши деб кўрсатган. Унинг маълумотига кўра, жароҳатланганлар орасида 14 ёшли қиз ва 12 ёшли ўғил бола бор. Иккаласининг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланган.

Федоров икки жабрланувчининг аҳволи оғир эканини, тўрт киши шифохонага ётқизилганини ҳам билдирган.

Ҳужум оқибатида Запорижжянинг Шевченко ва Вознесеновский туманларида камида 26 та турар жой шикастланган. Уларнинг 23 таси кўп қаватли уйлардир. Нотурар биноларда ҳам зарар қайд этилган.

Россия қўшинлари бир кун аввал ҳам Запорижжяга бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берган эди.