“Иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобига 59 мингта инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига муносиб ҳисса қўшди”, деди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, электротехника, кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати ва бошқа кўплаб соҳалардаги қайта ишлаш даражаси сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилди ҳамда экспортнинг йиллик ҳажмлари салкам 20 миллиард долларга етказилди.
“Икки йил аввал мамлакатимиз тарихида биринчи марта камбағалликни бартараф этишни Ҳукумат сиёсатининг асосий мақсадларидан бирига айлантирдик. Ушбу йўналишда алоҳида Стратегия қабул қилиниб, Камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди. Натижада, қисқа давр ичида ярим миллиондан ортиқ оилани муҳтожлар тоифасидан чиқаришга эришдик”, деди президент.









