2010 йилгача бўлган даврда берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади

Ҳукумат қарорига биноан 2010 йилгача бўлган даврда берилган эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари — 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бироқ, Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати 19 мартдан бошлаб 2 ҳафтага тўхтатилган. Гувоҳномани алмаштиришнинг охирги муддатлари янги қарор билан мутаносиб тарзда 2023 йилнинг 31 декабригача узайтирилиши кутилмоқда. 2022 йил 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида чора кўрилмайди.

Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари ҳақида хабар берганларга 270 минг сўм мукофот берилади

Президент фармонига мувофиқ, аҳоли томонидан ИИВ ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар МЖТКда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Бунда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг бир баравари (270 минг сўм) миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда, ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди.

Жисмоний шахсларнинг акциялардан оладиган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади

Президент қарорига асосан 2024 йил 31 декабрга қадар:

Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод қилинади;

Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар сингари фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади;