Украина ҳарбий-денгиз кучлари пайшанба куни тонгида россияликлар томонидан эгаллаб олинган Бердянск портида Россия ҳарбий-денгиз флотининг «Орск» йирик десант кемаси портлатилгани, яна икки кема шикастлангани ҳақида хабар тарқатди.
Жума куни эса Украина қуролли кучлари бош штаби портда аслида «Орск» эмас, бошқа йирик десант кемаси «Саратов» зарбага учрагани ҳақида маълум қилди. Очиқ манбаларга кўра, бу корабль ҳам 1171 лойиҳасига мансуб.
Украина ҳарбийлари пайшанба куни эълон қилган видеоларида кема улар томонидан берилган зарбалар оқибатида портлаганини маълум қилишганди.

Март ойи бошидан буён қамалда қолаётган Мариуполдан ғарброқда жойлашган Бердянск февраль ойи охирида, Украинага босқиннинг тўртинчи кунида эгалланганди. Россия портдан ўз ҳарбийларига техникалар етказиб беришда фойдаланмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги телеканали бўлмиш «Звезда» эфирида 21 март куни Қора денгиз флоти таркибидаги «Орск» десант кемаси Бердянск портига киргани ҳақида хабар қилинганди.
Бердянск муҳим стратегик аҳамиятга эга - у Россия томонидан 2014 йилда аннексия қилинган Қрим ва қамалдаги Мариупол ўртасида жойлашган. Мариуполни тарк этганларнинг айримларив Бердянскка келишган.
Бердянскнинг олиниши ва Мелитополнинг қамал қилиниши Қримдан Россия чегарасигача (Ростов области) қуруқликдаги кўприк ўрнатилишига олиб келиши мумкин.

Украинадаги уруш. Сўнгги соатлардаги асосий маълумотлар:
- Пайшанба куни кечқурун Брюсселда қизғин дипломатик фаоллик кузатилди, НАТО, Евроиттифоқ ва «Катта еттилик» давлатлари етакчилари ўзаро учрашувлар ўтказди.
- АҚШ президенти Жо Байден Шимолий Атлантика альянси ҳеч қачон ҳозирги каби бирдам бўлмаганини қайд этди. У бу бирдамликни киритилган санкциялар Кремлда қабул қилинадиган қарорларга таъсир кўрсатиши учун етарлича узоқ сақлаб қолишга чақирди.
- Байден ҳам, британлар бош вазири Жонсон ҳам, Франция президенти Макрон ҳам агар Москва Украинада кимёвий қурол қўлласа, қандай жавоб қайтарилиши борасидаги саволга жавоб қайтармади.





















