Президент фармони билан айрим тоифадаги аёлларга боғча тўловидан имтиёз берилмоқда. Бундан ташқари, энди болалар давлат боғчаларига ҳам 2 ёшдан бориши мумкин.
1 апрелдан амалга ошириладиган боғча билан боғлиқ янгиликлар
Шу санадан бошлаб, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:
- фарзандлари давлат боғчаларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади;
- 3 ёшгача фарзандлари учун нодавлат боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратилади.
- тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пулли хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади;
- кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи бюджетдан қоплаб берилади.
2 ёшдан боғчага қабул қандай амалга оширилади?
Фармонга кўра, тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пулли хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади. Бироқ бу айнан қандай тартибда амалга оширилади?
Kun.uz мазкур саволга жавоб олиш учун Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, ҳамма давлат боғчаларига ҳам болалар 2 ёшдан қабул қилинавермайди.
“2 ёшдан болаларни навбати кам бўлган мактабгача таълим ташкилотларига пулли хизматни шакллантирган ҳолатда қабул қилиш белгиланди. Давлат хизматлари марказларида навбатда турган болалар ўз ўрнига кўра боғчаларга қабул қилинаверади. 2 ёшдан эса фақат тўлиқ қувватда ишламаётган боғчаларга қабул бўлади.
Пулли хизмат бўлгандан кейин нарх ихтиёрий тарзда белгиланади. Барча МТТларда кузатув кенгашлари мавжуд. Кузатув кенгашларида ота-оналар давлат МТТлари директорлари ва туман Мактабгача таълим бўлимлари билан биргаликда нархларни ишлаб чиқишади ва тасдиқлашади”, деди Мавлуда Асқархўжаева.
Лекин тўлиқ қувват билан ишламаётган, 2 ёшдан болалар бориши мумкин бўлган республикадаги жами давлат боғчалари рўйхатини олишнинг имкони бўлмади, сабаби, ҳозирда бу рўйхат вазирлик томонидан шакллантирилмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги рўйхат 1 апрелга қадар тайёр бўлиши кераклигини билдирди.



















