Денов — Сурхондарёнинг иккинчи йирик шаҳри. Савдо ва саноат марказлашган шаҳар. Денов бозорлари билан ҳам машҳур. Айниқса «Бободеҳқон бозори» билан халқ орасида машҳур Денов деҳқон (озиқ-овқат) бозорига нафақат деновликлар, бутун Сурхондарёдан тижоратчилар ва харидорлар келишади.

Деҳқон бозори бузилгач, Интернетда жуда кўп норозилик чиқишлари бўлди. Мурожаатларнинг аксарияти мулки бузилаётган дўкондорлар етарли тарзда компенсация олмаётгани билан боғлиқ эди.

Хўш, Денов шаҳридаги марказий бозор нега бузилди?

Тўғрисини тан олиш керак, Деновдаги бозор ва унинг атрофидаги кўчаларда тирбандлик ва тартибсизлик ҳукмрон эди. Машиналар оқимини светофор билан ҳам тартибга солиб бўлмаётган эди. Биз бу ҳақда 2017 йилда лавҳа тайёрлаган эдик.

Шу сабаб деҳқон бозорини шаҳардан четроққа кўчиришга қарор қилинди. Денов туманининг ўша пайтдаги ҳокими Улуғбек Қосимов бизни янги бозор қад ростлаётган жойга олиб бориб, келгусидаги режалар билан таништирган эди.

Ҳозир янги деҳқон бозори ишга туширилган. Тадбиркорларнинг кўпчилиги кўчиб ўтишди. Гарчи, эски деҳқон бозори атрофида ва кўчаларда деҳқонлар ва сотувчилар ҳали ҳам савдо қилишда давом этишаётган бўлса ҳам.

Биз ана шундай сотувчилардан бир нечтасидан нега янги бозорга кўчмасдан тупроқ ва чанг ичида савдо қилиб ўтирганини сўрадик. Сабзавот ва кўкатлар билан савдо қилиб турган опахонлар, онахонлар янги бозор узоқлиги, харидорлар шу жойга кўникишгани, ҳали кўпчилик кўнгил узиб бироз олисдаги янги деҳқон бозорига боришга жазм қилмаётгани ҳақида гапира бошлашди.

Аллақайдан қони қайноқ бўз болалар пайдо бўлди. Бирови онамни, бошқаси опамни нега тасвирга оласан, дея эътироз қилди ва тасвирларни ўчиришни талаб қила бошлашди. Ноилож, ўчирдик.

Яъни уларнинг ўзлари ҳам бу ишлари сиртдан қараганда хунуклигини, фаолияти ноқонунийлигини ич-ичидан ҳис қилади. Бозорнинг бузилишида ҳокимият айбдор деб билишади, қасддан кўчада савдо қилишади. Улар бу иши овоза бўлмаслигини, ҳеч ким монелик қилмаслигини исташади.