Сешанба куни Истанбулда Украина ва Россия вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади. Томонлар гуманитар масалалар бўйича муҳокама ўтказиб, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишга уриниб кўради.
Аввалига Туркияга Россия делегацияси келганди, бироз ўтиб - украинлар ҳам етиб келишди. Украинадан музокараларда мудофаа вазири Алексей Резников, президент офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк, шунингдек ҳукмрон «Слуга народа» партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия қатнашади. Россия делегациясини Путиннинг маслаҳатчиси Владимир Мединский бошқармоқда.
Томонларнинг вакилларининг сўзларига кўра, юзма-юз учрашув сўнгги ҳафталар давомида ўтказиб келинган видеоформат шаклидаги маслаҳатлашувларга асосланади. Музокаралар учун Истанбулдаги Долмабахче саройи танланган, учрашув Тошкент вақти билан соат 12:00дан ўтиб бошланиши белгиланган.
Украина телеканали эфирида Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулебанинг маълум қилишича, Киев учун минимал вазифа – «гуманитар муаммолар учун ечим» ҳисобланади. «Максимум вазифа – ўт очишни тўхтатиш, бу борада барқарор келишувга эришиш», дея Кулебанинг сўзларини келтирган вазирлик расмий сайти. «Биз одамлар, ер ва суверенитет билан савдолашмаймиз. Бизнинг позиция – мустаҳкам», деган Кулеба.
Украинлар президенти Владимир Зеленский Россиянинг асосий талаби Украина НАТОга киришдан воз кечиши бўлишини айтган, бу борада муросага келиш осон. Қолган масалалар, жумладан Қримнинг мақоми ва Донбассдаги тузилмалар тақдири бўйича томонларнинг позициялари бир-бириникидан йироқ.
25 март куни Мединский музокараларнинг боришини шундай тасвирлаганди: «иккинчи даражали масалалар бўйича позициялар яқинлашмоқда, аммо асосий сиёсий масалалар бўйича биз амалда бир жойда депсиниб турибмиз». ТАСС агентлиги ҳам Путиннинг вакили Дмитрий Песковнинг сўзларини келтирган, унда «юзма-юз формат музокараларни янада концентрациялаши, мазмунлироқ қилиши» айтилганди. «Аммо ҳозирча, афсуски, биз бирор муҳим ютуқ ёки жиддий олдинга силжиш ҳақида айта олмаймиз», деганди Песков.
Россия Украинага талабларининг бир қисмидан воз кечишга тайёр
Financial Times Россия ва Украинанинг музокаралардаги позицияси ҳақида ёзди. Нашрнинг вазиятдан хабардор бўлган қатор манбаларига кўра, Россия энди «денацификация», «демилитаризация» ва рус тили муҳофазасини талаб қилмаяпти. Бунинг ўрнига Киевнинг НАТОга аъзо бўлишдан, ядро қуроллари ишлаб чиқишдан ва хориж ҳарбий базаларини ўз ҳудудида жойлаштиришдан воз кечиши масаласига урғу қаратилмоқда. Шу билан бирга Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиб киришига эътироз билдирилмайди.













