Хўш, нега рубл мустаҳкамланмоқда, бу жараённинг рус газини рублга сотиш режаларига алоқаси борми? Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Telegram-каналида ушбу саволларга жавоб берди.
“Аввало айтиш лозимки, газни рублга сотиш механизми ҳалигача аниқлашмаган, бирон куб газ рублга сотилгани йўқ, биронта йирик Европа давлати газни рублга сотиб олишга розилик ҳам бергани йўқ. Яъни, газни рублга сотиш хоҳишлари ғирт психологик трюк ва келишиш қийин бўлган ултиматумлигича қолади.
Иккинчидан, 24 февралдан кейин Россия Марказий банки рублга талаб ҳосил қиладиган барча хорижий ва норезидент каналларни ёпиб ташлади. Бу фонд бозорига тааллуқлими, фоизларми ёки дивидендларми, фарқи йўқ. Россияни тарк этаётган ёки тарк этишини эълон қилган хорижий компаниялар ва норезидентлар Россиядаги активларини олиб чиқиши учун уни долларга айлантириши керак. Россия Марказий банки бунга тўлиқ табу қўйди. Табиийки, рублга бўлган энг катта талабни йўққа чиқарди.
Учинчидан, Россия Марказий банки Россия резидентлари учун ҳам хорижга валюта олиб чиқишга, нақд валюта сотиб олишга ёки ўтказишга чекловлар ўрнатди. Шу ўринда Visa ва Mastercard тизимлари Россиядаги сегментни ўчириш ҳисобига русларнинг мақсадга эришишига ёрдам бериб юборди. Бошқача айтганда, Россия чакана резидентларининг долларга бўлган талаби ҳам ўлдирилди.
Тўртинчидан, жуда кўплаб ғарб компаниялари Россия билан ишлашдан воз кечгандан кейин, қатор ташув корпорациялари Россия юкларини манзилга элтишни тўхтатгач, рус импортёрлари учун хориждан товар келтиришга рағбати ҳам вақтинча тўхтади. Чунки логистика муаммолари ва эҳтимолий йўқотишлар импортни жисмонан имконсиз қилиб қўйиши мумкин. Демак, импортчиларнинг долларга нисбатан талаби ҳам энг минимал даражагача туширилди.
Бешинчидан, бозорда рубл ликвидлиги мавжуд эмас. Марказий банкнинг қаттиқ сиёсати туфайли сунъий равишда рубл дефицити яратилмоқда, хусусан асосий ставкани бирдан 20%гача олиб чиқилиши билан. Буни савдолар ҳажмидан ҳам билиш мумкин, кунлик савдолар ҳажми 24 февралгача бўлганидан каррасига камроқ. Рубл таклифи етарли бўлмагач, долларнинг тушиши узоқ куттирмайди.
Олтинчидан, экспортёрлар учун 80%лик мажбурий сотув долларга нисбатан сунъий равишда пасайтирилган талаб ҳажмини ортиғи билан қопламоқда.












