1990 йилда собиқ иттифоқ республикаларида мустақиллик учун бошлаган ҳаракатларнинг акс-садоси Югославияга ҳам етиб боради. Ўша пайтда бу давлат таркибида олтита иттифоқдош республика – Сербия, Черногория, Македония, Словения, Хорватия ҳамда Босния ва Герцоговина бор эди. Мамлакатдаги бошқарув расмий равишда федерация кўринишида бўлса ҳам, аслида мамлакатга серблар ҳукмдорлик қилар, иттифоқдош республикалар инон-ихтиёри пойтахт Белград измида эди.

Ана шундай шароитда 1991-92-йилларда иттифоқдош республикаларнинг аксарияти ўз мустақиллигини эълон қилади. Табиийки, бу сербларга ёқмайди ва улар ўзбошимча республикаларни қурол кучи билан тийиб қўйишга киришади. Оқибатда собиқ Югославия республикалари ўз мустақиллигини қон тўқиб, қурбонлар бериб ҳимоя қилишга мажбур бўлади.

Табиийки, иттифоқдош республикалар аҳолисининг маълум қисмини серблар ташкил этган ва улар Югославия парчаланишига қарши эди. Шу тариқа мустақиллик учун бошланган уруш кейинчалик этник-диний тус олади, Православ мазҳабига эътиқод қилган серблар католик хорватлар ва мусулмон сербларни ҳам қатлиом қила бошлайди. Ана шундай қатлиомларда Сребреница шаҳри ва унинг атрофида яшовчи 10 мингга яқин одам ўлдирилади ва булдозер ёрдамида кўмиб юборилади.

Босния ва Герцоговина

Босния ва Герцоговина (кейинги ўринларда Босния) ўрта асрларда Болқондаги аксарият ҳудудлар каби Усмонийлар империяси таркибида эди. Кейинчалик турклар қўл остидан озод бўлгач биринчи жаҳон урушигача аввал Сербия, сўнг Австрия-Венгрия империяси тасарруфида бўлади.

Усмонийлар империяси даврида бу ерда ислом дини ёйилади. Шу сабабли бу ерда серблар, серб мусулмонлари ва хорватлар аралаш ҳолда яшаб келишган. Урушдан сўнг Австрия-Венгрия империяси парчаланиб кетади ва Босния Югославия қироллиги таркибига киради.

Иккинчи жаҳон уруши тугагач коммунистлар совет армияси ёрдамида Югославия таркибидаги ҳудудлар мустақил бўлишига йўл қўйишмайди. Олтита иттифоқдош республика ташкил этилиб, Югославия социалистик федератив республикаси тузилади.

Гарчи бу давлат ҳам расмий равишда СССРдагидай «тенг ҳуқуқли республикалар»дан иборат бўлса ҳам амалда уларда ҳеч қандай ҳуқуқ бўлмаган. Югославияда асосан серблар ҳукмрон эди. Шу жумладан, Боснияда ҳам.

Югославия таркибида бўлган республикалар орасида Босния аҳоли таркиби жиҳатдан алоҳида ажралиб турган. 1991 йил маълумотларига кўра, бу ерда аҳолининг 31,2 фоизи мусулмон боснияликлар (уларнинг аксарияти серб миллатига мансуб мусулмонлар), 17,4 фоизи серблар (православлар), 17,4 фоизи хорватлар (уларнинг ҳам бир қисми мусулмонлар), қолгани эса черногрияликлар, албанлар, словенлар, лўлилар бўлишган.