Сурхондарёда банк ходими одамларнинг нафақа пулларини онлайн қиморга тикиб юборди
«Халқ банки» Узун филиали сайёр кассири 278 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулларини сохта имзо қўйиб ўзлаштирган ва пулларнинг бир қисмини онлайн қимор ўйинига тикиб юборган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Узун туман бўлими “Халқ банки” Узун филиали мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказди. Бу ҳақда департамент расмий каналида хабар қилинди.
Текширувда аниқланишича, филиалнинг 2-сон сайёр кассири А.А. жорий йилнинг февраль–март ойларида ўзига бириктирилган ҳудудда 278 нафар фуқарога нақд пул кўринишида чиқарилган жами 121,1 миллион сўм пенсия ва нафақа пулларини уларнинг номидан сохта имзолар қўйиш орқали ўзлаштирган.
Сўнг ушбу пулларни интернет тармоғидаги онлайн казино ўйинларига ишлатиб талон-торож қилган. Текширув давомида департамент аралашуви билан 117 миллион сўм қайтарилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Мавзуга оид
09:50 / 03.02.2024
Қимор ўйнагани учун ишдан олинган маҳалла раиси 1 йил ўтиб лавозимига қайтгани маълум бўлди
18:39 / 26.01.2024
Фарғонада «хўрозлар жанги»ни ўтказган жиноий гуруҳ қўлга олинди
17:30 / 09.12.2023
Тошкентдаги чойхонада қимор ўйинларини ташкил этган шахсга суд ҳукми ўқилди
13:53 / 04.12.2023