Фото: Getty Images

Якшанба куни Украина бош прокурори Ирина Венедиктова Киев областининг озод бўлган ҳудудларида тинч аҳоли вакиллари бўлган 410 кишининг жасади аниқлангани ҳақида маълум қилди. Бу якуний рақам эмаслиги, қидириш ва жасадларни кўздан кечириш жараёни маълум вақт олиши қайд этилган.

Душанба куни Венедиктова яқин вақтларгача руслар томонидан ишғол қилинган бошқа шаҳарлардаги зўравонлик қурбонлари сони Бучадагидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У Киевдан шимоли-ғарбда жойлашган Бородянкдан қўрқинчли маълумотлар келиши кутилаётганини маълум қилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар россияликлар ташлаб кетган ҳудудларда кўплаб қотилликлар, зўравонликлар ва бошқа оғир жиноятлар содир этилганини қайд этган.

Россия томони Бучадан олинган кадрларни фейк деб атамоқда. Аммо Россия томони келтирган барча аргументлар мутахассислар томонидан рад этилган.

4 апрель куни New York Times нашри март ойи давомида сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларни эълон қилди. Уларда апрель ойи бошида эълон қилинган видео ва суратларда акс этган жасадлар март ой ўрталарида ҳам худди ўша жойларда ётганини кўриш мумкин.

Бучада нима бўлган?
Украинага босқиннинг дастлабки кунларида Бучага келган Россия танклари ва зирҳли техникалари карвони украиналик ҳарбийлар ҳужумига учради ва олдинга ҳаракатлана олмади. Россия ҳарбийлари Украина пойтахти яқинидаги ушбу ҳудудда жойлашишди ва бу ерда март ойи охирига қадар қолишди.

Бучада яксон этилган россияликлар колоннаси. Фото: BBC/LEE DURANT

Тинч аҳоли вакилларининг кўп қисми ушбу ҳудуддан қочиб кетишган, аммо қолганлар ҳам бор эди. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида улар гулханлар ёқиб, овқат пишириб кун кечиришди, чунки шаҳарда газ, электр ва ичимлик суви йўқ эди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар эркаклар шаҳарни гуманитар йўлаклар орқали тарк этишига йўл қўймаган, шунга қарамай кетмоқчи бўлганлар эса, отиб ташланган.

Россия ҳарбийлари кетгач, шаҳарга кирган репортёрлар ва расмийлар кўчалардан бирида камида 20 нафар эркак жасадини учратишган. Уларнинг кўпчилигида оғир жароҳат излари бўлган, айримларнинг юзига қарата ўқ узилган. Айрим жасадлар устидан танк юриб ўтган.