— “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг навбатдаги босқичи якунланди. Якунлар ҳақида гапириб берсангиз.
— Хабарингиз бор, жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йилда икки марта ўтказилиши белгиланди. Биринчи мавсум феврал ойидан 2 апрелга қадар ўтказилди. Фуқароларимиз мазкур босқичда жуда фаол қатнашди. 2021 йилга солиштирадиган бўлсак, ўтган йил 1 миллион 150 мингга яқин овоз берилган бўлса, жорий йил ўтказилган босқичда ушбу кўрсаткич беш баробарга ошди, яъни берилган овозлар сони 6 миллион 700 мингдан ошиб кетди. Бу эса ушбу жараёнга фуқароларнинг аста-секинлик билан қизиқиши ортаётгани ҳамда бюджет жараёнларида фуқаролар фаоллиги ошаётганини кўрсатади.
Таклифлар мисолида қарайдиган бўлсак, ўтган йил 41 минг таклиф билдирилган бўлса, бу йил 69 700 таклиф келиб тушди. Мазкур таклифлардан ҳудудий ички комиссиялар томонидан саралаб олиш натижасида 40 мингдан ортиғи овоз бериш босқичига ўтказилди. Энг кўп овоз йиғган 2215 таклиф ғолиб деб топилди.
— Лойиҳаларга қачон пул ажратилади ва бу жараён назорат қилиб бориладими?
— Ҳар бир ғолиб деб топилган таклиф учун туман ва шаҳар ғазначилик бўлимларида алоҳида ҳисобрақамлар очилади ва мазкур ҳисобрақамларга тегишли маблағлар ўтказиб берилади. Жорий ойнинг ўзидан ишлар амалга оширила бошланади. Пудратчи ташкилотларни аниқлаш ва лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлаш ишларига киришилади.
Ўйлаймизки, 2-мавсумга қадар мазкур жараёнда ғолиб бўлган ташаббусларни амалга ошириш ишлари бошланади. Якунланмаган тақдирда ҳам, асосий ишларга старт берилади.

— 2-мавсум июл ойида ўтказилади, унгача таклифлар молиялаштириб бошланади, шундайми?
— Албатта, белгиланган тартибга кўра, 10 иш кунида ҳар бир туман ва шаҳар халқ депутатлари томонидан ғолиблар рўйхати тасдиқланади ва ҳисобрақамга маблағлар ўтказилиб, ишлар бошланади.
— “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида фуқаролар томонидан айрим лойиҳаларга керагидан кўп, айримларига камроқ маблағ таклиф қилинган. Бундай ҳолларда маблағ ажратиш масаласи қандай ҳал қилинади?
— Жорий йилда 69 мингдан зиёд таклиф билдирилган бўлса, ўртача ҳар бир туманда ҳар бир таклиф 500–600тагача тўғри келмоқда. Бу эса ушбу таклифларни 10 кун ичида ўрганиб чиқиш ва уларни амалга ошириш қийматини аниқлашда қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари, фуқаролар ўзлари ҳам таклиф этаётган ташаббусининг аниқ қийматини баҳолай олмайди. Чунки улар бу соҳада мутахассис эмас, шу сабабли ташаббусларга маблағ қиймати бироз кўпроқ ёки бироз камроқ бўлиши мумкин.












