«Қироллик клуби» ҳужумчиси Чемпионлар лигасида қаторасига иккинчи ўйинда уч гол урмоқда. Мадридликлар яримфинал учун жиддий қадам ташлади.

Челси — Реал 1:3
Голлар: Ҳавертц (40) — Бензема (21, 24, 46).
Челси – Менди, Жеймс, Силва, Рюдигер, Кристенсен (Ковачич, 46), Аспиликуэта, Жоржиньо (Лофтус-Чик, 64), Канте (Зиёш, 46), Пулишич (Лукаку, 64), Маунт, Ҳавертц. 
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба, Милитао (Начо, 64), Менди, Модрич, Кроос (Камавинга, 74), Каземиро, Вальверде (Себальос, 86), Бензема (Бэйл, 86), Винисиус Жуниор.
Огоҳлантиришлар: Милитао (14), Рюдигер (19).

ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби ва турнирда энг кўп ғолиб бўлган клуб учрашуви мухлисларга чиройли ўйин туҳфа этиши шарт эди. Ва мухлислар биринчи бўлимдаёқ кутилган ҳиссиётларга эга бўлишди.

Албатта, ўйиннинг асосий қаҳрамони — Бензема. «Реал» форварди феноменал мавсум ўтказмоқда: у мадридликларнинг 36 ўйинида 37 гол уриб улгурди ва 34 ёшли французни пенсияга чиқаришга шошилганларнинг барчасининг овозини ёпмоқда. Бошқа томондан «Олтин тўп»ни Мессига топширганларнинг устидан кулмоқда.

Ўйиндан олдин «Челси» бош мураббийи Томас Тухель «Реал» ҳужумчисининг ўйинидан ҳайратланишини яширмади. У Бенземани айнан кўп йиллар мобайнида юқори даражасини сақлаб қолгани учун мақтади. Лондонликларда эса Дрогбадан кейин у каби савияда ва барқарор футбол намойш этган ҳужумчи бўлмаган. Бу мавсумда ҳам кўкларда марказий ҳужумчи муаммоси мавжуд: жамоа Лукаку қиёфасида тўпурар ҳужумчига эга бўлгандек эди, аммо у ишончни оқламади ва асли яримҳимоячи бўлган Ҳаверц «тўққизлик» ролини бажармоқда.

Аммо у барибир Бензема бўла олмайди. Француз футболчиси топ-учрашувлар тақдирини ўзи ҳал қила олади. Айнан у «ПСЖ»га қарши мураккаб ўйинда 17 дақиқада ҳет-трик қайд этиб вазиятни ўзгартирганди, усиз «Реал» Мадридда «Барселона»га 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди. «Стэмфорд Бриж»даги чоракфинал ўйинида майдонга тушди — ва яна уч гол. Чемпионлар лигаси плей-оффида топ-клубларга қарши икки ўйинда олти гол — бунақасига мухлислар анчадан буён гувоҳ бўлишмаганди. 

Шу билан бирга Бенземанинг порлаши кўзни қамаштирмаслиги керак: унинг голлари — «Челси» футболчиларининг қўпол хатолари натижаси бўлди. Лондонликлар мудофааси ҳатто Англияда ҳам энг умидли ҳимоялар қаторида тилга олинмай қўйган: ўтган шанбада кўклар ўз уйида «Брентфорд»га 1:4 ҳисобида ютқазишди, барча голлар марказий ҳудуддан ўтказилди. Тухел жамоаси иккинчи бўлимда уч марказий ҳимоячи билан ўйнай бошлади ва тўрт гол қўйиб юборди. Германиялик мутахассис ЕЧЛ ўйинида илк дақиқаларданоқ шу схемани танлади, аммо бу ҳимояда қўпол хатолардан сақлай олмади. Кристенсен ва Тиагу Силва биргаликда Винисиуснинг узатмасини ёпишга чопишди ва Бенземани ҳимоясиз қолдириб, у ҳисобни очишига йўл қўйишди. Иккинчи голда ҳам шунга ўхшаш вазият: Модрич тўпни дарвозабон ҳудудига узатиб берди, Силва Бенземани ёпа олмади, Кристенсен эса негадир тўп узатилаётган нуқтадан ўзини олиб қочди. Ёзда «Барселона»га ўтиши кутилаётган даниялик ҳимоячининг мадридликларга қарши ўйинидан каталонияликлар ҳайратда эмаслиги аниқ.