Ўзбекистон | 07:22 / 08.04.2022
13750
2 дақиқада ўқилади

Чинозда катта миқдордаги маблағларни талон-торож қилган банк ходими қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Чиноз туманидаги тижорат банкларидан бирининг ходими содир этган ноқонуний фаолият фош этилди.

ДХХ хабарига кўра, Х.А. мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, 2020 йилда турмуш ўртоғи номига деҳқон хўжалиги ташкил этиб, уни ўзи ишлайдиган банк таъминотчиси сифатида рўйхатдан ўтказган. 

У “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 15 нафар фуқарога ажратилган жами 397,3 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини деҳқон хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб, фуқароларга нақдлаштириб бериши натижасида ушбу маблағлар мақсадсиз сарфланган.
 
Х.А. 2021 йилда 3 нафар яқин таниши номига деҳқон хўжаликлари ташкил қилиб, уларни ҳам банк таъминотчиси сифатида рўйхатдан ўтказган ва “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида 71 нафар фуқарога ажратилган жами 2 млрд 182 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағларини ушбу хўжаликлар орқали нақдлаштириб бериши натижасида мазкур маблағлар мақсадсиз сарфланган.

2020 йилда 10 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан мини печлар харид қилиш учун 60 млн сўм миқдорида кредит ажратилишига эришган ва уларни ҳам ўзига тегишли таъминотчи деҳқон хўжалиги ҳисобига ўтказиб, талон-торож қилган.

Ҳозирда Х.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид