Ўзбек давлатчилигини юқори босқичга кўтара олган, миллий тикланиш учун халққа тарихий таянч бўлган соҳибқирон нафақат ўз даврида, балки бугун ҳам Янги Ўзбекистон тараққиётида ўз ўрнига эга, деб ёзади Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммедов.

Маълумки, Ватанимиз тарихининг “иккинчи Ренессанс” даври Амир Темур ва темурийлар даврига тўғри келади. Эътироф этиш зарурки, буюк саркарда нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон тарихида ҳам туб бурилишлар содир этган шахс сифатида юксак аҳамиятга эга. Адолат ва улуғворлик тимсоли, дунёни лол этган буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги бугун юртимизда кенг нишонланмоқда. Ўзининг етук ва улуғ сиймоси билан башар элига тарихий ибрат бўлган моҳир саркарда ҳаёти, унинг босиб ўтган йўлини ўрганиш бугун ҳар бир ўғил-қизларимиз учун шарафдир.

Унинг давлатчилик фаолияти ҳақида сўз юритганда, бир қатор ўзига хос жиҳатларни алоҳида таъкидлаш зарур. Мамлакатни мўғул истибдодидан озод этиб, мустақил марказлашган давлатга асос солганлиги, Хитойдан то Ўрта ер денгизи соҳилларигача бўлган улкан ҳудудни бирлаштириб, ўзаро урушларга чек қўйганлиги, Буюк ипак йўли фаолиятини қайта тиклаганлиги, қудратли Олтин Ўрда давлатининг тор-мор этилиши натижасида шарқий Европа халқларининг, айниқса, Россиянинг мўғул зулмидан озод бўлишини тезлаштирганлиги, фан ва маданиятнинг тараққий этишига ҳомийлик қилиш орқали жаҳон тарихида “Темурийлар даври ренессанси”га асос солганлиги  – буларнинг барчаси – Амир Темур сиймосининг улуғвор ҳақиқатларини кўрсатиб беради.

Амир Темур биринчи навбатда бунёдкор шахс ва ҳар томонлама етук, билимли кишилардан эди. Унинг фаолиятига назар ташлар эканмиз, ҳар бир одимида юрт фаровонлиги, ободлиги, таълим, фан ва санъатнинг ривожи учун қайғуришини кўришимиз мумкин. Айниқса, зиёлиларнинг, илм аҳлининг меҳнатини қадрлаган, олимлар билан суҳбатлашар экан, қарашларини ўрганган, дин, таълим ва маданиятга муҳаббати билан Шамсуддин қози, Жазирий, Шайх Бухорий ва бошқа кўплаб машҳур олим ва уламоларни ўзига ром қилиб олган. У ўз саройида мушоиралар ўтказиб турар ва ўзи ҳам мушоираларда ажойиб шеърлар ўқир эди. Ҳазрат Алишер Навоий “Мажолисун-нафоис”да бундай ёзади: – “Темур Кўрагоний – … агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеда ўқибдурларким, анингдек, бир байт ўқимоқ, минг яхши байт айтқонча бор”.

Қолаверса, “Темур тузуклари”да Амир Темур қаламига мансуб қуйидаги байт ҳам унинг шеъриятдан йироқ бўлмаганлигини кўрсатади:

“Ёрга еткур эй сабо, Ким макр қилмушдир манға,

Қилди эрса кимга макрин, қайтадур бир кун анға.”

Соҳибқирон тахтга чиққандан сўнг биринчи навбатда мамлакат тараққиётининг асоси бўлмиш таълимга жуда катта эътибор қаратди. Ўша даврнинг асосий таълим даргоҳлари бўлган мактаб ва мадрасаларга вақф мулклари ажратиш орқали уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.