— Россияга 2010 йил январ ойида келганман. Булунғурдан 4 киши келгандик. Кимдир ўзга юртларга келиб ишлаш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида гапиради, эҳтимол менинг бошимдан ўтганлар олдида улар ҳеч нарса эмасдир. Шунга қарамай, ҳеч қачон қийналдим деб айтмайман. Шу кунларга етказганига шукр, арзимаган пулга ишлаган пайтларим ҳам бўлган.

Тикув цехида 400 доллар маошга ишлаганман. Ҳамроҳ бўлса иккимизнинг даромадимиз 800 доллар бўлади, деб тўнғич ўғлимни ёнимга чақирдим. Ўшанда кичик ўғлим 13 ёшда эди. Уч қизимнинг ҳаммасини турмушга бергандим, у қудаларимникида қолган.

“Яхши ният қилиб ишлайвердик”

— Келишим билан уй хизматчилигига ишга кирдим. 82 ёшли нафақадаги полковникка қарардим. Ўзи юра оларди, жуда яхши инсон эди. Икки қизи бор эди. 500 доллар маошга ишлаганман. 8 ойча ишлаганимдан кейин у киши вафот этди.

Ўша пайтда ишлар сотиларди, пул бериб янги иш сотиб олдим. Қарияларга қараш менга кўпроқ маъқул келарди. Кейинги ишимда ўзим қараган аёл киши сил касаллигига чалингани учун ойлигим яхши эди. Яхши ният қилиб, юқмайди деб ишлайвердим. Худога шукр, мана, соғломман. Ўғлим ҳам ёнимда эди. Яна қўшимча ишим бўлган. Жами бўлиб 2000 доллар маош олардим. Ўғлим дўкондан 30 минг рубль оларди. Турар жойларимиз, овқатимиз бепул эди. Иккимиз 3000 доллар пул топардик. 4 йилча шундай ишлаганман.

“Топган пулимизга уйлар қурдик, тўйлар қилдик, машинали бўлдик”

— Кейин ўрнимга қайнсинглимни қўйиб, юртга қайтдим. Ўғлимни уйлантирдим, тўйлар қилдик. Бу орада икки қаватли уй қурдик. Кичик ўғлим улғайиб усталарга ўзи бош-қош бўлди. Spark олдик. Ўша пайтлар машинамиз 11 минг долларга тушганди.

Россияга яна келдим, лекин негадир ишлагим келмай яна ортга қайтдим. Уйда 5-6 ой юриб кичик ўғлим билан яна қайтиб келдим. Ўғлим шу ерда Молия университетининг иқтисод факултетида ўқийди, ҳозир 4-курс. Кичик ўғлим сиртқи таълимда ўқиб ишларди. Кетиш ниятим бор, кичик ўғлим билан ишлаб тўнғичимга ҳам уйлар қуриб бердик. Бир-бирини қўллашди.

Ҳозирги ишимдан 50 минг рубль оламан, бу 600 доллар атрофида. Бошқа даромадим йўқ. Авваллари қараган аёлларим ётоқда эди, бошқа иш қилишим мумкин эди. Ҳозирги аёл 95 ёш, юради, аммо ақли жойида эмас. Шунинг учун бошқа иш қила олмайман. Изламадим ҳам, бироз чарчаганман. Балки шунинг учун кетгим келар. Ўзим тикувчиман. Ўзбекистонда тикувчилик қилсам ҳам ўша пулни топаман аслида.

“Наврўз сайиллари ҳақида тўлқинланиб гапириб берардим”