15 апрелдан бошлаб Қозоғистонда буғдой ва ун экспортига чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.

Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Айдарбек Сапаровнинг сўзларига кўра, бу чеклов ички бозорда тақчиллик юзага келиши ва ун ишлаб чиқарувчи корхоналар зўриқишининг олдини олиш учун киритилган.

“2022 йил 1 апрелда Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия 15 апрелдан 15 июнгача буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Буғдой учун квота 1 миллион тонна, ун учун 300 минг тоннадан иборат бўлади”, деган у онлайн брифингда.

Нега Қозоғистон буғдой ва ун экспортини чеклаяпти?

Март ойининг ўрталаридан бошлаб Россияда буғдой экспортига тақиқ жорий қилинди. Бу чекловлар ЕОИИ мамлакатларига нисбатан ҳам жорий йилнинг 30 июнигача амалда бўлиши кўзда тутилган. Қозоғистон буғдой етиштириш бўйича етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланса-да, мамлакатга маълум миқдорда Россиядан дон маҳсулотлари импорт қилинарди. 2021 йилда Қозоғистонда ғалла ҳосили меъёрдан тахминан чорак бараварга кам бўлган. Бу эса буғдой экспортини бож ёки квоталар орқали чеклаш масаласини кун тартибига чиқарган.

Аммо Россиядан Қозоғистонга катта миқдорда буғдой экспорт қилиниши (ЕОИИ доирасида товар етказиб беришда экспорт божлари олинмаслиги ҳисобига ҳам Россиядан импорт қилиш нархларни қимматлаштирмайди) мамлакат ички бозорини сезиларли даражада қўллаб-қувватлаган. Рақобат вужудга келиши нархларнинг барқарорлигини таъминлаган ва Қозоғистонда етиштирилган дон маҳсулотларининг бир қисми Марказий Осиё давлатларига (хусусан, Ўзбекистонга) экспорт қилинган.

Ҳозирги вазиятда Россиядан дон маҳсулотлари келишининг тўхташи натижасида жорий йилги ҳосил йиғимидан олдин нархлар ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида квоталар жорий қилинаётган бўлиши мумкин.