12 апрель куни кечқурун Украина президенти Володимир Зеленский Олий рада депутати, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин уй қамоғидан қочиб кетиб, ғойиб бўлиб қолган Виктор Медведчукнинг қўлга олингани акс этган суратни эълон қилди.

Украина бош прокуратураси Медведчукни давлатга хиёнатда ва террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишда айблаган.
«Украина хавфсизлик хизмати махсус операцияни муваффақиятли бажарди. Баракалла!», деб ёзган Украина президенти. У хабарга ушбу сиёсатчи ҳарбий либосда қўлларига кишан тақилган ҳолда ўтиргани акс этган фотосуратни хабарга илова қилган.
Зеленский Медведчукнинг қандай қўлга туширилгани юзасидан тафсилотларни кейинроқ ошкор этишини билдирган. Украина хавфсизлик хизмати ҳам ҳибсга олинган сиёсатчи фотосуратини тармоқда тарқатган.
Яна бир сурат Украина хавфсизлик хизмати томонидан тармоққа жойланган. Унда қуйидагича матн келтирилади:
«Сен россияпараст сиёсатчи бўлишинг ва йиллар давомида босқинчи давлат учун ишлашинг мумкин. Сен сўнгги вақтларда одил суддан яширинишинг мумкин. Устингга маскировка учун ҳарбий либос кийиб олишинг мумкин… Аммо бу сенга жазодан қочишда ёрдам бера оладими? Асло! Сени кишанлар кутади. Ва сен каби Украинанинг барча сотқинларини! Россияпараст хоинлар ва Россия махсус хизматлари жосуслари, ёдда тутинг — сизнинг жиноятларингиз учун жавобгарликка тортиш муддати чекланмаган».

Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Иван Баканов ўз ходимларига Медведчукни қўлга олишдаги «хавфли, яшин тезлигида ва кўп даражали махсус амалиёт» учун миннатдорчилик билдирган.
«Бу йигитчангизни алмаштирайлик»
13 апрелга ўтар кечаси қилган видеомурожаатида Зеленский «Путиннинг куми»ни асирликдаги украин аскарларига алмаштиришни таклиф қилди.
«Медведчукнинг Космонавтлар кунида қўлга олингани жуда рамзий маънога эга. У 48 кун яширинди. Ва ниҳоят мамлакатимиздан қочиб кетишга уринишга қарор қилди. Нима деймиз, бу «космонавт» учун - машҳур «Қани кетдик!» ибораси ўхшамади.
Мен айниқса у ҳарбий камуфляждан фойдаланишини орсизлик деб биламан. Маскировка қилмоқчи бўлган. Мана шундай «жангчи». Мана шундай ватанпарвар. Демак, агар Медведчук ўзи учун ҳарбий формани танлаган бўлса, унинг иши ҳарбий давр қоидалари бўйича кўриб чиқилади.















