РФ мудофаа вазирлиги: «Москва» крейсери чўкиб кетди
Россиянинг корпуси портлаш ва ёнғиндан шикастланган «Москва» ракета крейсери шатакка олиб портга олиб кетилиш вақтида чўкиб кетди. Бу ҳақда РФ мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, кема бўронли денгиз шароитида ўзининг барқарорлигини йўқотган.
Қўшимча қилинишича, крейсер экипажи ҳудуддаги Россия Қора денгиз флоти кемаларига эвакуация қилинган.
13 апрел куни Украина нашрлари ва сиёсатчилар Қора денгиз флоти флагмани бўлган «Москва» крейсерига Украинада ишлаб чиқарилган «Нептун» русумли қанотли ракеталар билан зарба берилганини маълум қилди. Кейинроқ РФ мудофаа вазирлиги крейсерда ёнғин бошлагани ва натижада ўқ-дорилар портлагани ҳақида маълум қилди. Вазирлик ёнғин сабабини маълум қилмади.
14 апрел куни кундузи РФ мудофаа вазирлиги крейсердаги ёнғин ўчирилгани ва корабль шатакка олиниб, портга олиб кетилаётганини маълум қилди. Крейсер экипажидаги жабрланувчилар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот келтирилмади.
«Москва» ракета крейсери 1976 йилда қурилган, 2000 йилда Қора денгиз флоти флагманига айланганди. Украина нашрлари маълумотига кўра, Россиянинг Украинага босқинининг илк кунларида «Москва» крейсери Одесса области ҳудудидаги Змейний оролини эгаллаш учун амалиётда қатнашган ва «Русский военный корабль, иди *****!» ибораси айнан шу кема билан боғлиқ эди.
«Москва»нинг сафдан чиқишининг қандай оқибатлари бор?
Крейсернинг вазифаларидан бири бутун флот кучларини ҳаво ҳужумларидан муҳофаза қилиш бўлган: корабль бортида узоқ масофадаги нишонларни йўқ қила олувчи С-300 «Форт» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштирилганди.
«Москва» крейсери сафдан чиқиши Украинадаги урушга жалб этилган флот кучларининг ҳаво ҳужумларидан ҳимояланишини сезиларли даражада заифлаштириши мумкин. «Москва» «Атланта» лойиҳасига мансуб бўлган, ҳамон хизматда қолаётган кам сонли кемалардан бири эди (шунингдек, Тинч океани флоти флагмани «Варяг» ва Шимолий океан флотидаги «Устинов» бор), у «Нептун» каби пастлаб учувчи кемага қарши ракеталарни пайқай оладиган янги радарлар билан жиҳозланмаганди.
«Москва» Россия ҳарбий-денгиз кучларида энг кучли қуролларга эга иккинчи крейсер ҳисобланарди (энг қудратлиси Шимолий флотдаги «Пётр Великий» атом ракета крейсери ҳисобланади). Унинг қиймати 750 млн долларни ташкил этган.
«Москва»нинг сув сиғими 9800-11300 тоннани ташкил этган. Бу дунёда 1982 йилдан кейинги энг йирик флот йўқотиши бўлди. Россия учун эса Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик йўқотиш - урушда немислар самолёти ҳужуми оқибатида «Марат» линкори сафдан чиққанди.
Мавзуга оид
19:13 / 20.10.2024
Россиянинг Қора денгиз флоти Украина дронлари туфайли манзилини ўзгартирди
19:25 / 05.03.2024
Қрим яқинида «Сергей Котов» кемасига ҳужум. Бу ҳақда нималар маълум?
17:58 / 14.02.2024
Украинлар Қора денгизда русларнинг яна бир кемасини чўктирганини айтмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?
20:25 / 28.12.2023