Ўзбекистон | 18:23 / 19.04.2022
20734
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги оилалар иқтисодий ҳолатига кўра 4 тоифага ажратилди

Ўзбекистонда 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминлангани айтилди.

19 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 млн 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказди.

Натижаси бўйича улар 4 та тоифага ажратилди:

  • 11 фоизи — кам даромадли;
  • 47 фоизи — доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор;
  • 6 фоизи — ижтимоий ҳимояга муҳтож;
  • 36 фоизи — иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар.

Таъкидланишича, янги тизим орқали ҳар бир ҳоким, унинг иқтисод бўйича 1-ўринбосари ва ҳоким ёрдамчилари аҳолининг 64 фоизи билан манзилли ишлаш кераклигини билиб олди.

Бу борада, жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлаб, 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади ҳамда 54 минг нафар фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитди.

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилди.

Натижада ҳудудларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилди, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилди, 2,5 мингта корхона қувватлари тикланди ва оширилди.

«Ўзбекистон тарихида биринчи марта бундай катта рақамлар амалда бўлганини гапиряпмиз. Маҳаллада тизим ва шароит яратганимиз, албатта, қайси туман ва шаҳар раҳбарлари фидойи бўлиб ишлаган бўлса, натижа беряпти», деди президент.

Энг яхши натижа кўрсатган 14 нафар ҳоким ёрдамчиларини мукофотлаш, ижобий натижага эришган 2 минг 943 нафар ҳоким ёрдамчиларига ташаккурнома юбориш топширилди. Ижобий натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишонига муносиб номзодлар захираси экани кўрсатиб ўтилди.

Мавзуга оид