Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Марғилон шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Унда Тошлоқ тумани камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими собиқ бошлиғи М.Б. «Конизар» МФЙ ҳоким ёрдамчиси И.К.нинг тавсияси асосида ажратилган имтиёзли кредит маблағларининг мақсадли сарфланишини ўрганиш мақсадида ноқонуний текширув ташкил қилгани аниқланган.

Маълум қилинишича, М.Б. текширув натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан чора кўрмасликни ваъда қилиб, бунинг эвазига ҳоким ёрдамчисидан 600 АҚШ доллари олган.

Шунингдек, собиқ мансабдор ўз ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда турли баҳоналар билан И.К.нинг яна 17 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Текширув давомида ушбу маблағнинг 10 млн сўми қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.