АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда Украина бош вазири Денис Шмигал билан учрашув ўтказди ва Киевга жами қиймати 800 млн долларни ташкил этадиган янги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилди. Ўтган ҳафтада ҳам шундай қийматдаги пакет ажратилганди.
Байден янги пакет оғир қуроллар ва улар учун ўқ-дориларни ўз ичига олиши, хусусан ўнлаб гаубицалар ва улар учун снарядлар, шунингдек тактик учувчисиз учиш аппаратлари етказиб берилишини маълум қилган. Украинада Америка калибрли снарядларининг захиралари йўқ.
Politico Пентагондаги манбасига асосланиб, Украинага етказиладиган қуроллар рўйхатини келтирган:
- 72та 155 мм калибрли гаубица ва 144 минг снаряд (ўтган сафар фақат 18та артиллерия тизими берилганди);
- Гаубицалар учун 72та шатакчи (тягач);
- «121тадан ортиқ» Phoenix Ghost тактик дронлари;
- Дала артиллерияси ускуналари ва эҳтиёт қисмлар.
Phoenix Ghost дронлари ҳақида аввалроқ Пентагон расмийси Жон Кирби батафсил гапирганди: улар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Киев эҳтиёжлари учун махсус равишда зудлик билан қайта ишланган ва кўп жиҳатдан Украинага аввалроқ етказиб берилган Switchblade дронларига ўхшаш ҳисобланади.
Бу қурилмалар матбуотда «осмонни қўриқловчи ўқ-дорилар» ёки камикадзе дронлар деб аталади. Улар ўнлаб километр масофаларга учиб, нишонга бориши ва уни ўзи билан портлатиши мумкин.
Пентагондаги манба ҳарбий юклар ортилган илк самолёт яқин 24-48 соат ичида учиб кетиши, қуроллар ҳафта охирига бориб украинлар қўлида бўлишини хабар қилган.
Байденнинг сўзларига кўра, янги қуроллар тўғридан тўғри «эркинлик фронти линияси»га - Россиянинг янги ҳужумлари бошланган Донбассга етказиб берилади.
Америка президенти айнан ҳозир Украина армиясини ушбу ҳужумларни қайтаришга тайёрлаш учун «критик ойна» эканини таъкидлаган. Кейинги ҳафтада унинг маъмурияти Конгрессга Украинага ёрдам учун янги бюджет маблағларини ажратишни сўраб мурожаат қилади.
«Мен маблағ ажратиш бўйича Конгресс тақдим этган ваколатларимни деярли тугатдим. Киевга тўхтовсиз равишда қурол-яроғ етказилишини таъминлаш учун келгуси ҳафтада Конгрессга қўшимча бюджет сўровини йўллашимга тўғри келади», деди у.
Бундан ташқари, АҚШ президенти украиналик қочқинларни қабул қилиш дастури ишга тушганини эълон қилди.



















