Аброр Ғафуров – Германия Ер тадқиқотлари марказининг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси раҳбари, Берлиндаги Ҳумболдт университети доценти. Эксперт Kun.uz билан суҳбатда Ўзбекистоннинг асосий сув ресурслари, иқлим ўзгаришлари сабаб уларнинг камайиб бораётгани, 2022 йил ёзда бизни кутаётган вазият ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистоннинг асосий сув манбалари

Ўзбекистонга сув Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёлари орқали келади. Амударё ва Сирдарё, асосан, Тян-шан ва Помир тоғларидаги қор ва музликлар эриши эвазига тўйинади. Қор мавсумий бўлиб, март ойидан июн-июл ойигача эрийди ва дарё суви тўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Қор эриб бўлгач музликлар эрий бошлаб, асосан, август ойида дарёлар музлик суви билан тўйинади.

Қор ва музликлар – асосий сув манбаси дейиш мумкин. Йиллик ҳисобда тахминан 50-60 фоиз сув қорлар эриши орқали, 20 фоиз сув эса музликлар эриши ҳисобига шаклланади.

Қор кам ёғаверса, сув камайиб кетадими?

Иқлим ўзгаришининг Ўрта Осиёга таъсири салбий. Минтақанинг асосий сув манбаси – қор ва музликлар, аммо кўп қисми қор ҳисобига шаклланади. Ўрта Осиёдаги тоғлар қишда ёғган қорлар эвазига ёз фасли учун сув сақлаш функциясини ҳам бажаради. Келажакда иқлим ўзгариши сабаб ёғаётган ёғингарчилик қор кўринишида ёғмай қўйса, муаммоли вазият пайдо бўлиши мумкин. Бунда ёғингарчиликнинг асосий қисми ёмғир кўринишида туша бошлайди ва Ўрта Осиё тоғлари сувни ёз фасли учун сақлаш функциясини йўқотиши мумкин.

Фараз қилайлик, қишда қор эмас, ёмғир ёғса, у тоғларда захира бўлиб қолмасдан ўзига йўл излаб пастга оқиб тушади. Ва дарёларнинг қишда сувга тўйиниши содир бўлади. Бизга эса сув, асосан, ёзда керак. Шунинг учун агар келажакда иқлим исиб бораверса, тоғлардаги қор захираларини йўқотиб қўйишимиз мумкин. Музликлар ҳам йилдан йилга эриб боряпти, бу эса август ойида сув камайиб кетишига сабаб бўлади. Бу вазият келажакда реал эканини ҳисобга олиб, унга мослашишни унутмаслик лозим.

Март ойида Ўзбекистонда қарийб рекорд даражада ёмғирлар ёғди, кўплаб ҳудудларга сел келди. Ана шу сувларни захира қилиб ишлатса бўлмайдими?

Бундай ҳолатда энг яхши нарса – кераксиз вақтда келаётган сувни йиғиб олиш. Бунинг учун сув омборлари қурилади. Ўзбекистонда ҳам сув омборлари бор. Улар электр энергия ишлаб чиқаришдан ташқари қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш функцияларига эга. Лекин сув омборлари кўпинча сув билан тўла бўлади.