Ўзбекистон | 15:14 / 25.04.2022
22828
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодировни ҳайит байрами билан табриклаб, совға юборди (видео) 

Рамазон ҳайити байрами арафасида Чеченистонга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси Рамзан Қодировга президент Шавкат Мирзиёев номидан табрик ва «Пои Калон ансамбли»нинг олтин ва кумушдан ясалган 3D суратини топширди.  

Ўзбекистон вакиллари Рамзан Қодировга президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган табрикномани ўқиб берган ҳамда совға сифатида Бухородаги Калон минораси ва масжиди, шунингдек Мир-Араб мадрасаларидан иборат – «Пои Калон ансамбли»нинг олтин ва кумушдан ясалган 3D суратини топширган.

«Бу ерда мусулмон оламининг кўзга кўринга уламолари таълим олган, хусусан, Аҳмад Ҳожи Қодиров ҳам. Қадрли отам Бухорода ўқиган даврларини доим яхши сўзлар билан эслаган, у ердаги самимий ва меҳрибон аҳоли ҳақида гапирган,» – деб ёзади Қодиров ўзининг Telegram-каналида.

Қодировнинг Telegram-каналида эълон қилинган видеода 3D суратнинг ўлчамлари ҳамда президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган табрикнома ҳам мавжуд.

Рамзан Қодиров президент Шавкат Мирзиёевга ҳам миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон халқини келаётган Рамазон ҳайити билан табриклаган.

«Мен Шавкат Миромоновичдан нафақат табрик учун, балки Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиёсий ва маданий соҳалардаги ўзаро самарали ҳамкорлик учун ҳам миннатдорман. Шубҳасиз, Шавкат Миромонович ўз давлати ва халқи учун кўп нарсалар қилмоқда, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги позициясини мустаҳкамламоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон халқига шундай олийжаноб президенти борлиги, Шавкат Миромонович учун эса шундай ажойиб халқнинг раҳбари бўлиш бахти насиб қилган,» – дейди Чеченистон раҳбари. 

Мавзуга оид