Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раислигида ўтказилган ҳокимлик соатида Андижон полкаси яратилганининг 100 йиллиги ва “Андижон полкаси” халқ ансамбли тузилганининг 65 йиллигини нишонлаш бўйича топшириқ берилди.

Топшириққа биноан, 25 апрелдан бошлаб вилоятдаги барча ташкилот, муассаса ва идора раҳбарлари, барча даражадаги таълим муассасалари, умуман вилоят ҳудудида жойлашган ва “ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганлар” бутун жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишни одат тусига киритишлари лозим.

Ушбу топшириқ ва вилоятда “Андижон полкаси ойлиги” эълон қилингани ҳақида вилоят ҳокими ўринбосари Азизхон Максумов 25 апрелда имзолаган, вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига юборилган хабарномада маълум қилинган.

Хабарномада, шунингдек, Андижон шаҳридаги барча жамоат транспорти, савдо дўконлари, бозорлар, меҳмонхоналар, авто ва темирйўл вокзаллари ҳамда одамлар гавжум бўлган бошқа жойларда Андижон полкасига бағишланган челленжлар ва флэшмоблар ташкил қилиш зарурлиги белгиланган.

Барча ташкилот, муассаса ва идоралар “Андижон полкаси ойлиги” доирасида ўтказилаётган тадбирлар юзасидан ҳар ҳафта жума куни фотоалбом ва ёзма ахборотни вилоят ҳокимлигининг туризм котибиятига тақдим этиши белгиланган.

Андижонда ушбу топшириқни ижро этишга дарҳол киришган ташкилотлар бор. Турли давлат ташкилоти, идоралари ва ўқув даргоҳлари Андижон полкасини жўр бўлиб ижро этишга киришишган. Масалан, Андижон туманида:

Андижон полкаси Шаҳрихон туманидаги 15-боғча тарбияланувчилари ва тарбиячилари талқинида:

Бўстон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари Андижон полкаси садолари остида гимнастика жараёнини ўтказишган: