Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда 30 апрель куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади
Вазирлар Маҳкамасининг 26 апрелдаги тегишли фармойиши асосида 30 апрель куни «Маҳалла ободлиги — юрт фаровонлиги» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади.
Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш Нуроний жамғармаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кенг жамоатчилик ушбу ҳашар ғоясининг ташаббускори ҳисобланади.
Ҳашар давомида маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, мўътабар масканлар, болалар майдончалари тартибга келтирилади. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари янада фаол олиб борилади. Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари янада фаол қўллаб-қувватланади.
Фармойишга кўра, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи, М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган миқдорда кўчат ҳамда қаламчалар олиш истагини билдирган ҳудудлардаги барча хўжалик ташкилотларига шартнома асосида қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказиш йўли билан ташкилотларнинг ушбу тадбирлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан етказиб бериш таъминланади.
Ҳашар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жойларини яхшилаш ва моддий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади.