Ўтган йилнинг кузида Жиззах вилоятида ўқитувчилардан маҳаллий «Сўғдиёна» футбол клубининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 272,15 млн. сўм миқдорида маблағ йиғилгани аниқланганди. Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида вазирликнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашуви билан ўқитувчилар томонидан «Сўғдиёна» клубига «хайрия» қилинган маблағлар қайтарилаётгани маълум қилинди.

Аммо март ойи бошида Жиззах вилоятининг Янгиобод туманидаги бир гуруҳ ўқитувчилар 5 ой вақт ўтган бўлса-да, «Сўғдиёна» клубига ўтказилган пуллар ҳалиям қайтарилмаганини ва бу ҳақда улар бир неча бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишгани бефойда бўлганини айтишди.

Шундан сўнг, Kun.uz сайтида «Ўрага сичқон тушди, гулдур-гуп» ёки жиззахлик ўқитувчиларнинг «Сўғдиёна»га ўтказилган пуллари қаерга йўқолди?» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Воқеа тарихи — 2018 йилнинг 2 ноябрида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф сонли фармойиши билан боғлиқ. Унга кўра, 3–4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, ҳашар доирасида турли ташкилотлар ходимлари, жумладан, мактаб ўқитувчиларининг ҳам бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари «Сўғдиёна» клуби ҳисоб рақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгиланганди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига зид равишда қабул қилинган мазкур фармойиш орадан кўп ўтмай, Жиззах вилоят ҳокимнинг 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиши билан бекор қилинган.

Шундан сўнг, Халқ таълими вазирлиги «Сўғдиёна» футбол клуби ҳисоб рақамига ноқонуний ўтказилган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилгани, барча ўқитувчиларга ойлик маошидан ушлаб қолинган бир кунлик иш ҳақлари қайтарилаётгани ҳақида маълум қилади.

Янгиободлик ўқитувчиларнинг ноқонуний ушлаб қолинган жами 21 миллион 600 минг сўмдан зиёдроқ ойлик маошлари ҳанузгача қайтарилмаётгани маълум бўлгач, таҳририят журналистик текширув ўтказган эди. 

Kun.uz’нинг Жиззах вилоятидаги мухбири хабар қилишича, юқорида таъкидлаб ўтилган мақола сайтда эълон қилингач, орадан уч кун ўтиб, янгиободлик ўқитувчиларнинг муаммоси ижобий ҳал бўлган.