1954 йилнинг 26 апрелида Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган шоир узоқ умр кўрмаган бўлса-да, халқ дардини, жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳис қилиб, оддий одамларга ҳам бирдай қадрдон кўплаб шеърлар ёзди.

Kun.uz халқнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотиралар ва унинг шеърларидан парчалар жамлади.

“Дўппи” шеърининг ёзилиш тарихи

Турсунбой Адашбоев, болалар шоири (ёзувчи Муроджон Мансуровдан эшитганлари):

— Мен «Ёшлик» журналида, Муҳаммаджон «Тошкент оқшоми» газетасида ишлаб, хизмат юзасидан тез-тез учрашиб турардик. Мустабид тузумнинг ўзига хос чиғириқлари бўлиб, айниқса ижодкор ёшларнинг асарлари тегишли идоралар орқали синчиклаб кузатилар эди. «Ёшлик» журналининг навбатдаги хомаки нусхасини ўша идоранинг масъул вакилига олиб борганимда, у менинг бошимдаги оҳори тўкилмаган дўппимга истеҳзо билан узоқ тикилиб турди. Мен ўз навбатида бу синглимиз умрида дўппи кийган одамларни кўрмаган шекилли, деган хаёлга бордим. У ижирғаниб журналнинг хомаки вариантини кўздан кечирди ва айрим шеърларга эътироз билдирди. Ортимга хафагазак қайтар эканман, йўлда Муҳаммад Юсуфни учратиб қолиб, дўппи билан боғлиқ юқоридаги воқеани унга айтиб бердим.

– Ғаройиб иш бўлибди, хафа бўлманг, Муроджон ака, – деб мийиғида кулиб қўйди...

Орадан кўп ўтмай, иқтидорли шоир укам Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги бағишлови етакчи газеталардан бирида чоп этилди.

“Шоир улоқни олиб кетганди...”

Муҳаммад Али, ёзувчи:

— Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Ёзувчилар уюшмасида катта мушоира бўлди. Қорачадан келган бир йигитча минбарга чиқиб, таниқли шоирлар қаторида шеър ўқиди, ўқиди-ю, улоқни олиб кетгани билинди! Бу ёш шоир Муҳаммад Юсуф эди, унинг шеъри дўппига бағишланганди.

«Бош қолмади дўппига лойиқ» сатрини келтирганда, зал олқишларга тўлди. Назокат билан айтилган, чуқур рамзий маънога эга бу шеър ўзбекликни, ўзбекни улуғловчи, ғуруримизни юксакка кўтарувчи тимсол сифатида жаранглаганди. Ҳа, шоир дўппига лойиқ одамлар бўлишини, шуларнинг сафида шахдам юришни орзу қилди.

Қизларини суйган шоир