Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, Европа ва Осиё давлатлари элчилари иштирокида Женевада бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиқди.

Мирзиёева ўз сўзида Масс-медиа фонди ҳақида қисқача маълумот бериб, фонд халқаро ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

“Бизнинг фондимиз 2019 йили медиа бозоридаги ОАВга тенг имконият яратиш, шунингдек, журналист ва блогерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида таъсис этилди. Биз ОАВ эркинлиги ва савияли журналистика демократиянинг ажралмас қисми деган фикрга қатъий таянамиз.

Сўз эркинлигини, давлат органлари шаффофлиги ва жамият олдида ҳисобдорлигини таъминламай туриб, ҳақиқий ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди”, – деди у.

Саида Мирзиёева Масс-медиа фонди очиқ ва кенг халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлар билан самарали мулоқоти боис 2022 йил март ойида Cotton Campaign ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилганини эслатиб ўтди.

“Бу – юртимизда болалар ва мажбурий меҳнатнинг буткул йўқ қилингани ҳолатининг ҳам тан олинишидир”, дея таъкидларкан, фонд вакиласи шу муносабат билан Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамкорларга Ўзбекистон билан конструктив мулоқот учун миннатдорчилик билдирди.

“Муҳтарам дўстлар, бугун делегациямиз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ва БМТнинг Женевадаги бўлинмаси бош директори Татяна Валовая билан самарали учрашувлар ўтказди. Биз барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида аёллар ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масалаларини батафсил муҳокама қилдик. Айтиш жоизки, мен хотин-қизлар таълим олиши учун тенг имкониятга эга бўлиши ва аёлларга оид салбий стереотипларга қарши курашни шахсан зиммамдаги масала деб биламан.