Андижон вилояти ҳокимлиги вилоятда аҳолига товуқ тарқатилаётгани мавзусида Kun.uz эълон қилган “Тухум эмас, муаммо туғаётган товуқлар — навбатдаги Андижон тажрибаси” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.

Мақолада бозорда 35-45 минг сўм атрофида сотилаётган товуқлар аҳолига кредитга 85-95 минг сўмдан ўтказилаётгани, товуқлар кам тухум бераётгани ва ўлиб қолаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Андижон вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, 2022 йилда аҳолига 100 бошдан, жами 1,3 млн бош парранда тарқатиш белгиланган. Паррандалар биринчи навбатда қўлида ҳеч қандай ҳунари бўлмаган, ишсиз ва парранда боқишга қизиқиш билдирган оилаларга етказиб берилади.

Кооперативлар

Баёнотда айтилишича, вилоятдаги ҳар бир маҳаллада 1 тадан, жами 870 та кооператив ташкил қилинган. Кооперативлар:

  • парранда тарқатиладиган хонадонларга товуқ катаклари қуриб беради;
  • тарқатилган паррандаларга ветеринария ёрдами кўрсатади – ҳар бир кооперативга бир нафар зооветеринар бириктирилган;
  • тухумларни сотиб олиб, деҳқон бозорларида уларга ажратилган алоҳида жойларда сотади.

Товуқлар нархи

Андижон вилоят ҳокимлиги бозорда товуқлар 40-50 минг сўм атрофида сотилаётганини тан олган ва аҳолига тарқатилаётган товуқлар нархи бундан икки баробар қиммат – 95 минг сўмгача эканига қуйидаги сабабларни келтирган:

  • бозордаги паррандаларнинг соғлом эканига ва қанча муддат тухум туғишига ҳеч ким кафолат бермайди;
  • бозордаги товуқ нархига озуқаси қўшиб берилмайди (аҳолига парранда билан бирга 20 кунлик озуқа емлари ҳам қўшиб бериляпти);
  • бозордан олинган товуқда касаллик аниқланса, уни даволаш учун зооветеринар хизмати бепул эмас;
  • тарқатилаётган наслли паррандалар тухуми хориждан келтирилган, паррандалар тарқатилишидан олдин 19 турдаги вакцина билан эмланмоқда;
  • “энг муҳими, бозорда аҳолига тарқатиладиган парранда миқдоридаги товуқ бўлмайди”.