14:15 / 02.05.2022
42892

Лавров Ҳитлерда ҳам “яҳудий қони бўлгани”ни иддао қилди. Исроил ундан узр сўрашни талаб этди

Россия ТИВ раҳбарининг фикрича, “энг ашаддий антисемитлар яҳудийларнинг ўзларидан чиққан”. Исроил ташқи ишлар вазири буни “кечириб бўлмайдиган, кишини ғазаблантирадиган, ўта қўпол тарихий хато” деб атади.

Фото: Yuri Kochetkov / Pool via REUTERS

Россия Украинага босқин бошлаганидан буён Киевда ҳокимият нацистлар қўлида эканини айтиб келади. Украина томони ва босқинни қоралаётган инсонлар Украина президенти Володимир Зеленский яҳудий миллатига мансублиги, шу сабаб мамлакат раҳбариятини нацизмда айблаш мантиқсизлигини айтиб келади. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Италиянинг Mediaset телеканалига берган интервюсида шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

“У (Зеленский) шундай аргументни айтяпти: агар у яҳудий бўлса, уларда қанақа нацификация бўлиши мумкин. Адашаётган бўлишим мумкин, лекин Ҳитлерда ҳам яҳудий қони бўлган. Бу мутлақо ҳеч нарсани англатмайди. Доно яҳудий халқи айтадики, энг ашаддий антисемитлар, одатда, яҳудийлардир. Бизда эса “ҳар оиланинг ўз аҳмоқ аъзоси бор” дейишади”, – дея Лавровнинг сўзларини келтирди РФ ТИВ матбуот хизмати.

Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид россиялик ҳамкасбининг иддаосини “ўта қўпол тарихий хато” деб атади.

“Ташқи ишлар вазири Лавровнинг таъкиди кечириб бўлмайдиган ва кишини ғазаблантирадиган бўлишдан ташқари, ўта қўпол тарихий хатодир. Яҳудийлар Ҳолокостда ўзларини ўзлари ўлдиришмаган. Ирқчиликнинг энг қуйи даражаси – яҳудийларнинг ўзини антисемитизмда айблашдир”, – дея ёзди Лапид Twitter саҳифасида.

Исроил, унинг сўзларига кўра, Лавровдан бу борада узр сўрашини кутади. Исроилдаги рус элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Россиялик вазирнинг сўзларини Исроилда ТИВ раҳбаридан ташқари бошқа қатор сиёсатчилар ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари қоралаб чиқди.

Top